Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллер: Zeromax кредиторлари судда муҳим ютуққа эришди
Швейцария тарихидаги иккинчи энг йирик банкротлик ҳолати юзасидан Zeromax кредиторининг Ernst & Young'га қарши даъволари бўйича суд давом этмоқда. Олий суд ажрими билан, жавобгар томонга аудит жараёнидаги ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти юклатилди. Бу мажбурият “катта тўртлик” компанияси учун улкан репутациявий йўқотишлар ва миллиард долларлик жарима билан тугаши мумкин.
Фото: Yves Forestier (Getty Images)
Мазкур суд жараёни 5 йилдан буён давом этяпти. Унда Ernst & Young'нинг Швейцариядаги бўлими Гулнора Каримовага алоқадорлиги гумон қилинадиган Zeromax'нинг шубҳали транзакцияларига кўз юмиш ва компания молиявий ҳисоботларига ижобий хулоса бериш орқали кредиторларнинг зарар кўришига сабабчи бўлишда айбланмоқда.
2025 йил июл ойига келиб, Zeromax кредиторлари муҳим оралиқ ютуққа эришди. Швейцария Федерал Олий судининг ажрими билан, жавобгар томонга аудит жараёнларига оид кенг кўламли ҳужжатларни даъвогарлар ихтиёрига тақдим этиш мажбурияти юклатилди.
Молиявий янгиликларни ёритувчи Tippinpoint нашри бу қарорни «Ўзбек “маликаси” Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллернинг янги саҳифаси» деб атади.
Zeromax – 1999 йилда АҚШнинг Делавэр штатида таъсис этилиб, 2005 йилда Швейцариянинг Цуг кантони юрисдикциясига кўчиб ўтган ва 2010 йили кутилмаганда банкротлик эълон қилган конгломерат. Бир муддат Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империя бўлган Zeromax мамлакатда “хорижий инвестор” сифатида тўқимачиликдан тортиб энергетикача бўлган ўндан ортиқ тармоқларда активларга эгалик қилган. Муайян даврда Ўзбекистон ЯИМнинг 10 фоизгача бўлган қисми биргина шу компания тизимига тўғри келгани айтилади.
Бизнес империя 2010 йилда, Ўзбекистон олий ҳокимияти ичкарисида юз берган ўзгаришлар ортидан инқирозга учраган ва Ўзбекистондаги мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган. Компания 2010 йил 12 август куни Цуг кантони судига топширган банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасида жорий активларини қарийб 2,56 млрд доллар, мажбуриятларини эса 4,12 млрд доллар деб кўрсатган. Аммо кейинроқ банкротлик идораси ўтказган ўрганишларда компаниянинг атиги 6,66 млн франклик активлари аниқланган. Жами 191 та кредиторнинг даъволари умумий ҳажми эса 5,6 млрд франкни ташкил этган. 5,6 млрд франк миқдоридаги қарз билан таназзулга учраш – Швейцария тарихидаги иккинчи энг йирик банкротлик ҳолати демакдир.
191 та кредитор орасида Цуг кантонида тозалаш-фаррошлик хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи корхонадан тортиб, Тошкентдаги Форумлар саройининг интерьер дизайнини ишлаб чиқишда қатнашган кичик ва ўрта немис фирмаларигача, Ўзбекистон нефт ва газ компанияларидан тортиб, Россиядаги қувурлар консорциумигача бор эди. Энг машҳур даъвогарлар қаторида бразилиялик футбол юлдузи Ривалдони учратиш мумкин: 2008 йилда “Бунёдкор” клубида ўйнаган футболчи Zeromax унга 22,7 млн франк тўлаши кераклигини билдирган.
2019 йилда АҚШнинг Lion Point Capital ҳедж-фонди Zeromax'га нисбатан қарз даъволарини (қарзни ўз фойдасига ундириш ҳуқуқини) сотиб олган. Фонд 2020 йилда Ernst Young'нинг Швейцариядаги бўлими – EY Schweiz устидан судга ариза бериб, аудиторни ўз мажбуриятларидан четга чиқиш орқали Zeromax'нинг молиявий барқарорлиги ҳақида кредиторларда нотўғри хулоса шаклланишига сабабчи бўлишда айблаган. Суд шундан буён давом этмоқда.
Financial Times'га кўра, Гулнора Каримова билан бизнес манфаатлари бўлган Zeromax компанияси 2006–2009 йилларда люкс тоифадаги зеб-зийнатлар харидига камида 38 млн доллар сарфлаган. Хусусан, бир ҳолатда Каримованинг Женевадаги банк сейфидан топилган Boucheron брендининг 2,5 млн долларлик олмос узуги учун тўловни Zeromax амалга оширган.
Шу ва бошқа кўплаб шубҳали ҳолатларга қарамай, EY Schweiz Zeromax'нинг 2005, 2006 ва 2007 йиллардаги молиявий ҳисоботларига “тоза” (clean bill of health) деб хулоса берган. Фирма 2007 йилдан кейин яна уч йил, то компания 2010 йилда банкротликка учрагунга қадар унинг аудитори бўлиб қолган, бироқ сўнгги уч йиллик бўйича аудит хулосаларини чоп этмаган.
Судда Lion Point Capital номидан даъвогар сифатида Piodina AG қатнашмоқда. Компания Ernst & Young'дан 1 млрд доллар компенсация ундириш ниятида ва бунинг учун жавобгардан Zeromax GmbH'га оид барча жисмоний ва электрон ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиляпти. Ўтган йиллар давомида аввалига Цуг кантони суди, кейинроқ Юқори суд бу талабни қаноатлантирди, лекин EY'нинг апелляциялари туфайли иш Федерал Олий судгача етиб борди. 2025 йил июлига келиб, Федерал Олий суд ҳам аудиторга кенг кўламли ҳужжатларни очиқлаш мажбуриятини юклади. Бу эса кредиторларнинг даъволар мажмуасини янги аргументлар билан бойитади.
Даъвогар томоннинг манфаатини ҳимоя қилаётган Quinn Emanuel юридик фирмасининг маълум қилишича, бу ютуқ Швейцарияда аудиторларнинг жавобгарлиги борасида янги ҳуқуқий прецедент яратади. Чунки бунга қадар амал қилиб келган қонунчилик тажрибасида, аудиторлар зиммасига ушбу кейсдаги каби ҳисобдорлик мажбуриятини юклаш ўта баҳсли бўлиб келган.
Tippinpoint'нинг ёзишича, суддаги оралиқ ютқизиқдан кейин EY Schweiz энди нафақат ҳужжатларни очиқлаши, балки суд харажатлари учун 25 минг франк тўлов қилиши, шунингдек, даъвогарга 30 минг франк компенсация тўлаши ҳам керак. EY Schweiz матбуот хизмати компания Федерал Олий суд ажримига бўйсунишини маълум қилган.
Мавзуга оид
15:19 / 01.12.2025
Швейцарияликлар умумий фуқаролик хизматига қарши овоз берди
08:47 / 17.11.2025
Axios: Швейцария божларни камайтириш учун Трампга совғалар юборган
17:19 / 14.11.2025
Бойларни ром этган мегаполислар. Миллиардерлар асосан қайси шаҳарларда яшайди?
13:46 / 13.11.2025