Жамият | 08:41 / 07.12.2019
18987
6 дақиқада ўқилади

«Имкон бўла туриб, имконсиз қолдик» – «Баёт» маҳалласи аҳли нимадан норози?

Тошкент шаҳар Миробод тумани «Баёт» маҳалласи аҳолисининг асосий қисмини кўзи ожиз ва кўриш билан боғлиқ муаммолари бор фуқаролар ташкил қилади. Kun.uz таҳририятига мазкур маҳалла аҳлидан бир нечта муаммолар акс этган мурожаат келиб тушди.

Кўчани пиёдалар ўтиш жойи орқали кесиб ўтиш осон эмас

Kun.uz мухбирлари мазкур мурожаат юзасидан маҳалла фаоллари билан учрашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мурожаатчиларнинг айтишича, асосий муаммолардан бири Миробод тумани Фарғона йўлининг «Табассум» бекати ёнидан ўтган қисмида светофор йўқлиги билан боғлиқ.

Кўчанинг айнан мана шу серқатнов қисмида бир неча марта ЙТҲ ҳам содир бўлган.

Йўлнинг бир томонида мактаб, бошқа томонида эса поликлиника жойлашган. Светофор йўқлиги туфайли болалар ва йўлни кесиб ўтувчи бошқа кишиларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

«Табассум» бекатидан бир неча юз метр масофа узоқликда (Kredit Asia ёнида) машиналар қайрилиши учун светофор жойлашган бўлиб, сал нарироқда пиёдалар учун мўлжалланган светофор бор.

Машиналар қайрилиши учун ўрнатилган светофор «Табассум» бекати томонга кўчирилса, йўлнинг бекат ёнидан ўтган қисми кенгроқ бўлгани учун ҳам пиёдаларга, ҳам ҳайдовчиларга қулай бўлади. Хавфсизлик икки томонлама таъминланади», дейди маҳалла фаоли Абдураҳим Маматқулов.

Сайловда иштирок этишга имконимиз йўқ

Яна бир муаммо маҳалла аҳли учун керак бўладиган турли буюмлар, идиш-товоқлар сақланадиган омборхона бузилгани ва айни пайтда бу буюмлар маҳалла фаоллар залида сақланаётгани билан боғлиқ.

Гап шундаки, эски маҳалла омборхонаси яқинда бутунлай таъмирдан чиқарилган 521-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳудудига тўғри келиб қолган. МТТнинг чиройли қилиб таъмирдан чиққани яхши бўлган-у, лекин омборхонанинг бузилгани ёмон бўлган.

Маҳалла аҳли МТТ таъмирланганидан, кенгайтирилганидан жуда мамнун, бироқ ўша орада мутасаддилар томонидан тезда қайтадан қуриб берамиз, дея ваъда қилинган омборнинг 6 ойга яқин муддат давомида унутилганидан норози.

«Мажлислар залини маҳалла ашёлари банд қилиб тургани туфайли маҳаллада ҳеч қанақа йиғин ўтказа олмаяпмиз. Имкон бўлиб туриб, имконсиз қолдик. Ҳар ҳолда омбор – омбор, зал бу - зал», дейди маҳалла омборхонаси бошқарувчиси Раҳимжон Бегимқулов.

Яна бир маҳалла фаоли Бахтиёр Абдужабборовнинг таъкидлашича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар ва президент сайловлари ҳар доим мана шу идора залида ўтказилган.

Яқинлашиб келаётган жорий йилги сайлов учун эса Баёт маҳалласи идорадан узоқроқда жойлашган Ғафур Ғулом номидаги маданият уйига бириктирилган.

«Маҳаллада асосан кўзи ожиз фуқаролар истиқомат қилгани боис сайлов куни фуқароларга овоз бериш учун маданият уйига бориш қийинчилик туғдиради. Ҳамма бир-бирини етаклаб боришига тўғри келади.

Бундан олдинги сайловларда доим маҳалла аҳлининг 90 фоиздан ошиқ қисми иштирок этган. Бу сафар биздан қанча одам иштирок этиши аниқ эмас.

Буни қайсарлик деб тушунмасликларингизни сўраган бўлардим. Кўзи ожизлар учун  бошқа жойга овоз бериш учун бориш ноқулай», - дейди Бахтиёр Абдужабборов.

Идоранинг иситиш тизими ҳам йўқ

Давомли муаммолардан яна бири маҳалла идорасининг иситиш тизими йўқлиги билан боғлиқ.

«Ҳисоблагич бўлмагани учун идора биносининг иситиш тизимини узиб кетишган. Бино совуқлиги туфайли ишга ҳам чиқа олмаяпман. Бу фуқаролар билан ишлашга ҳам қийинчилик туғдиряпти», дейди «Баёт» маҳалласи раиси ўринбосари Ҳафиза Мўминова.      

Бундан ташқари, айни пайтда раиссиз фаолият юритаётган маҳалла идорасининг кадастр қилинмагани ҳам муаммо.

«10 кунгача ҳал бўлади...»

Таҳририят аҳоли муаммоларини ўргангач, жавоб олиш учун тегишли ташкилотлар билан боғланди.

Жумладан, светофор масаласида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат юборилди. Ташкилот бир неча кун ичида светофор масаласини ўрганиб ечим тақдим этишга ваъда берган.

Бошқа муаммолар юзасидан эса Миробод туман ҳокимлиги масъуллари билан боғланилгач, туман ҳокимининг қурилиш ва архитектура ишлари бўйича ўринбосари Фарҳод Нажмиддинов ва бошқа тегишли ходимлар маҳалла аҳволи билан танишишди.

Фарҳод Нажмиддинов

Бу муддат оралиғида туман ҳокимлиги томонидан омборхона вазифасини бажарувчи темир контейнер маҳалла идорасига яқин ҳудудга ўрнатиб берилган.

Нуронийларнинг контейнер ҳажми билан боғлиқ эътирозлари, сақланадиган буюмлар кўплиги тўғрисидаги важларини ва ёшларига хос эркаликларини кўтарган ҳолда ҳоким ўринбосари 10 кун ичида яна битта темир контейнер ўрнатиб беришга ваъда қилди.

Иситиш тизими, идора биносини кадастрлаш бўйича ҳам муаммолар маҳалланинг ўзида тегишли ходимлар томонидан бажарилишига ваъда берилди.

10 кун муддат ичида – сайлов бошлангунигача мазкур маҳалладаги барча муаммолар ҳал бўлишига умид қиламиз.

Шунингдек, светофорни кўчириш масаласида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан асосли жавоб кутамиз.

Зилола Ғайбуллаева – Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид