Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хўжаободда берилган ваъда ўз вақтида бажарилмагач, раддия билан айб мухбирга тўнкалди
5 феврал куни Kun.uz сайтининг Андижон вилояти учун очилган Telegram саҳифасида Хўжаобод тумани, «Бобур» МФЙ, Олима кўчасининг охирида жойлашган 50 дан ортиқ хонадон сувсиз қолаётгани, ҳокимлик вакиллари 10 кун муддатда муаммолар ҳал бўлишига ваъда бергани ҳақида видеоматериал эълон қилинган эди.
Видеода Хўжаобод туманидаги «Бобур» МФЙнинг сувсиз қолган ва шағаллаштирилиши лозим бўлган кўчлари ҳақида маълумот тақдим этилган эди.
Мурожаат эълон қилингач, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу масалани назоратга олганини ва Олима кўчасидаги тоза ичимлик суви ҳамда шағаллаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш олиб борилганини таъкидлаб, муносабат эълон қилган эди.
Муносабатда ҳудудга тоза ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари якунига етганидан сўнг, 1 км масофада шағаллаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилгани таъкидланган.
Бироқ мазкур кўчага ичимлик суви тортилганидан сўнг ҳам шағаллаштириш ишлари амалга оширилмаган. Аксинча, йўл олдингидан баттар ҳолда ташлаб кетилган.
Бу борада фуқаролар Kun.uz'га бир неча бора қайта мурожаат қилди. Kun.uz мухбири 12 март куни туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари билан мазкур масалада телефон орқали, 1 апрел куни Хонобод шаҳрида ўтказилган ўқув-семинарида юзма-юз суҳбатлашиб, фуқаролар қайта мурожаат қилаётгани ва ушбу масалага ҳали ҳам ижобий ечим бўлмаётганини таъкидлаган.
Шундан сўнг ҳам ваъда бажарилмагач, фуқароларнинг қайта-қайта қилган мурожаати 7 апрел куни яна бир бор Telegram саҳифасига олиб чиқилган.
Фуқаролар йўллаган мурожаатга йўлнинг расмлари илова қилинган эди. Шундан сўнг ушбу мурожаатга муносабат тарзида Хўжаобод тумани ҳокимлигининг расмий муносабати билдирилди. Муносабатнинг айрим жиҳатларига эътибор қаратсак:
«Олима кўчасида шу вақтга қадар олиб борилган ишларга назар солганда, (солиштирма суратларга эътибор беринг) ушбу кўчага ҳам тош-қум аралашмаси ҳамда шағал тўкилганлиги гувоҳи бўласиз. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, маҳаллада ишлар ҳокимлик назоратида тизимли тарзда олиб борилмоқда», – дея муносабат билдирилган.
Зеро, саҳифамизда эълон қилинган расмлар 6 апрел куни соат 17:00 атрофида суратга олинган. Кўчадаги шағаллар эса мурожаат эълон қилингандан сўнг олиб келиб тўкилган ва гўёки расм эски бўлиб, ҳокимлик вакиллари ишлар бўлаётгандай қилиб кўрсатишга уринган.
«Икки ой олдин шағаллашни ваъда бериб кетишганди, – дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Олима кўчасида яшовчи фуқаро Хумора Зияйдинова. – Қайта мурожаат қилганимиздан сўнг ҳокимлик вакиллари етиб келди ва 6 «КамАЗ» шағал тўкиб кетишди. Кўчанинг қолган қисми яна чала қолиб кетди. Олинган расмлар 6 апрел кунги эди. 7 апрел куни шағаллар келди.

Бундан ҳам қизиқ жиҳати шуки, шағаллар кўчанинг фақат расмга олинган жойларига тўкилган. Қолган жойларга эса шағал тўкилмаган. Чала ташлаб кетилган. Бундай ёлғон муносабатдан ҳокимлик қандай манфаатдор экани очиғи кишини ҳайратлантиради.

«Оммавий ахборот воситаларида ёки ижтимоий тармоқларда аҳоли мурожаатлари юзасидан материал берилаётганда ҳокимлик ахборот хизматига мурожаат қилинса, тарқатилаётган ахборотнинг (масалан, 7-апрел кунги) холислиги ва ҳаққонийлиги ўрганилиб, матбуот минбаридан чалғитувчи мазмундаги материаллар чиқиб кетиши олди олинган бўлар эди», – деб хулоса қилади муносабатда ҳокимлик ахборот хизмати.
Ваҳоланки, сайт мухбири бир неча бор шу фуқаролар мурожаатлари юзасидан Хўжаобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати билан алоқага чиққан.
Боз устига, вазиятни хаспўшлаш учун «Бобур» МФЙ раиси Б.Раҳматов чала ташлаб кетилган ишларга ўз миннатдорчилигини билдириб, Олима кўчасидаги фуқаролар номидан туман ҳокимига 1,5 км йўлни шағаллантиришда ёрдам бергани учун ташаккурнома ҳам ёзиб берган.

Хокимлик ўз муносабатида «Кўчалардаги ишларни тартибли, бирин-кетин амалга оширилаётгани боис техника ва ишчи кучининг бўшашига қараб Олима кўчасида ҳам шағаллаштириш ва текислаш ишлари қисқа кунларда охирига етказилади», – дея таъкидлаган. Бироқ фуқаролар 10 кун муддатда бажаришга ваъда бериб, 2 ойдан сўнг ҳам бартараф этилмагани етмагандай, кўзбўямачилик қилиб, мухбирни ёлғон маълумот тарқатганликда айблаётган ҳокимлик вакилларига ишонмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда «Асакача иш услуби–2»: Ёлғон ахборот, ўзгартирилган хабарлар, аммо ўзгармаётган вазият» сарлавҳали мақола эълон қилинган ва унда Асака туманидаги муаммоларга ёлғон муносабат берилгани баён қилинган эди.
Мавзуга оид
19:54
Андижон вилояти ҳокимининг 7 йилга қамалган собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев озодликка чиқди
14:02 / 20.01.2026
Электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган майнинг қурилмалари топилди
12:21 / 22.12.2025
Андижонда бозор растаси қулади (видео)
21:37 / 13.12.2025