Жамият | 17:49 / 31.05.2022
20946
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ноқонуний лотерея оммалашмоқда. Тегишли органлар негадир бунга кўз юмяпти

Қорақалпоғистон Республикасининг шарқий туманларида кўпайиб бораётган мазкур турдаги таваккалчиликка асосланган ноқонуний лотерея ўйинлари “тўрига” асосан мигрантлар илиняпти. Ташкилотчилар фуқароларга ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали ўйинда иштирок этиш учун ҳар бир лотерея чиптасини 200-250 минг сўм ёки 1500 рублгача пулламоқда. Бу қонунчиликка зид.

Тўрткўл туманида Youtube ва Telegram ижтимоий тармоқларида очилган бир нечта каналлар ноқонуний лотерея тарғиботига хизмат қилаётгани маълум бўлди. Уларда таъкидланишича, ўйин таваккалчиликка асосланган. Ўйинга бир нечта автомобиль ва кичик пул ютуқлари қўйилади ҳамда 2500-3000 дона чипта (оддий рақамланган қоғоз) чиқарилади. Ўйин иштирокчилари чипта сотиб олиш учун ташкилотчилар томонидан айтилган карта рақамига 200-250 минг сўм ёки Россияда бўлса 1000-1500 рубл атрофида маблағ ўтказади. Барча чипталар сотиб бўлингач, ўйин ўтказилади.

Тегишли органлар бу жараёнга кўз юмаётганга ўхшайди. Негаки, ноқонуний ўтказилаётган мазкур лотерея ўйинлари аллақачон 100 тиражга яқинлашиб қолган. Жумладан, “Turtkul95shov” Telegram канали жорий йил 27 май куни 91-тур ўйинини ўтказган.

Мазкур канал 2021 йилнинг бошидан буён таваккалчиликка асосланган ушбу ўйинни ўтказиб келаётгани эса тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини шубҳа остига қўяди. Ёки Telegram тармоғидаги “Ali egam”канали ҳам очиқ-ойдин шу турдаги ўйинни реклама қилиб, ўтказиб келаётгани маълум бўлди.

Ҳар икки гуруҳ иштирокчилари ўйинга қўйилган машиналарни реклама қилиш орқали жалб этилган. Ачинарлиси, ташкилотчилар Россияда муҳожирликда ишлаб юрганларни ҳам кун сайин ўйин домига тортиб бораётганлигини кўриш мумкин.

Аслида Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари), қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш тақиқланган. Жиноят кодексининг 278-моддасига биноан, бундай ўйинларни ташкил қилганлик учун етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Ўйин ташкилотчиларининг ноқонуний даромад олаётгани эса масаланинг яна бир томони.

Тегишли органлар ушбу “тадбиркорлар” фаолиятига тезроқ чек қўймас экан, чет элда ишлаб юрган мигрантларнинг топган пули оиласига эмас, шу каби ўйинларга ҳамда олғирларнинг чўнтагига келиб тушишда давом этади.

Мавзуга оид