Жамият | 10:49 / 15.07.2015
9767
2 дақиқада ўқилади

Нақибуллоҳ Файиқ: Абдулрашид Дўстум Толибонга қарши курашиш учун Туркия сафаридан қайтиб келди

Афғонистоннинг Маймана шаҳри атрофидаги Пуштункот ва Ямоқ қишлоқлари Толибон жангариларидан тозаланди; айни пайтда бошқа аҳолижойларни қайтариб олиш учун кураш кетмоқда. Бу ҳақда парламентнинг ўзбек миллатвакили (депутати) доктор Нақибуллоҳ Файиқ ахборот берди.
Бир неча ой мобайнида Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги асосан ўзбеклар ва туркманлар яшайдиган туманлари жангарилар қўлида қолган эди. Афғонистон президентининг ўринбосари генерал Абдулрашид Дўстум бу борада вазиятни ўнглаш учун Мустақил мудофаа лойиҳасини таклиф қилган эди. Аммо, маҳаллий матбуотда ёзилишича, бу таклиф эътиборга олинмаганлиги сабабли Рамазон ойида юқорида айтилган ҳудудларда қуролли тўқнашувлар содир бўлди.
Нақибуллоҳ Файиқнинг айтишича, Абдулрашид Дўстум Туркия сафаридан қайтиб келишга мажбур бўлди ва Фарёб вилоятида Толибонга қарши ҳарбий амалиётларга шахсан раҳбарлик қилди.
Илгари Абдулрашид Дўстум ўз чиқишларидан бирида “Тирик эканман, Ўзбекистонга ва Туркманистонга Афғонистондан бирорта террорчи ҳамла қилмайди ва Афғонистондаги ўзбек билан туркманни оёқости қилмайди” деб таъкидлаган эди.