Спорт | 05:03 / 03.09.2015
2379
2 дақиқада ўқилади

US Open-2015 тарихида аёллар учрашуви давомийлиги бўйича рекорд ўрнатилди

АҚШлик теннисчи Мэдисон Бренгл ва хитойлик Сайсай Чжэн теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионати тарихидаги энг узоқ давом этган аёллар ўртасидаги учрашувни ўтказдилар. 

2 сентябрга ўтар кечаси теннисчилар уч сетли учрашув ўтказишди, учрашув 6:2, 5:7, 7:5 ҳисобида Бренгл фойдасига ҳал бўлди. Учрашув 3 соат  20 дақиқа давом этди.

Бир неча соат ўтиб россиялик теннисчи Александра Панова ва руминиялик теннисчи Моника Никулесу мусобақа тарихида давомийлиги бўйича 2-рақамли учрашувни ўтказдилар. Панова 3 соат 18 дақиқа ичида 6:7, 7:5, 3:6 ҳисобида учрашувни бой берди.

Бу учрашувларгача US Open мусобақасида аёллар ўртасида энг узоқ давом этган учрашув 2011 йилда россиялик Надежда Петрова ва австралиялик Саманта Стосур ўртасида бўлиб ўтган ва 3 соат 17 дақиқа давом этган.

US Open “Катта дубулға” сериясига кирувчи мавсумдаги энг охирги мусобақа бўлиб, 13 сентябрь куни якунланади. Жорий йилда мусобақанинг ютуқлар фонди 42,2 млн долларни ташкил қилмоқда.