Спорт | 14:38 / 29.09.2015
2593
2 дақиқада ўқилади

Роналдо Хитойда 30та футбол мактаби очади

Бразилиялик собиқ футболчи Роналдо Хитойда 30та футбол мактаби очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда унинг ўзи Синьхуа нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

"Бу ерда футбол у қадар ривожланмаган бўлсада, аммо улкан имкониятлар бор. Хитойда футбол мактаби очишимдан мақсад шуки - бу ерда футболчилар ва мухлисларни янада кўпайтирмоқчиман.
Хитойда футбол жуда кенг тарқалган, аммо ҳозирга қадар уни ривожлантириш бўйича бирорта аниқ режа амалга оширилмаган", - дейди Роналдо.
У ёш футболчиларни тарбиялаш орқали соҳа ривожига ҳамда керакли натижаларга эришишга умид билдирган.
"Ўйлайманки, Хитой ҳукумати бу ишда мени қўллаб-қувватлайди", дейди у.

Қайд этиш керакки, футбол ҳозирги кунда хитойлик тадбиркорлар томонидан жиддий эътибор қаратилаётган соҳага айланиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2014-15 йиллар мавсумида ички чемпионатдаги жамоалар футболчиларнинг трансферлари учун 121,5 млн доллар сарфлаган. Бу кўрсаткич бўйича Хитой Суперлигаси фақатгина АПЛдан ортда қолган.

2016-2020 йиллар мобайнида ўтказиладиган 5 мавсумдаги Суперлига ўйинлари трансляцияси ҳуқуқи 8 млрд юань (1,26 млрд доллар) эвазига сотилган.

Соҳага қаратилаётган эътибор улкан кўламда бўлсада, халқаро майдонларда натижаларга эришилмаган. Хитой миллий терма жамоаси фақатгина бир марта, 2002 йилда ЖЧ иштирокчиси бўлган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш