Жамият | 15:55 / 15.12.2015
14610
2 дақиқада ўқилади

Италиялик балиқчи 120 кг оғирликдаги улкан балиқ тутиб олди

Италиялик балиқчи Юри Грисенди По кўлида улкан лаққа (сом) балиқ тутиб олди, дея хабар беради The Daily Mail.

Манбанинг ёзишича, овчи улкан балиқни Мантуя шаҳридан (Ломбардия вилояти ) узоқ бўлмаган ҳудудда тутган. Унинг оғирлиги 265 инглиз фунтига тенг. Бу тахминан 120 килограмм дегани.

38 ёшли эркакнинг айтишича, у шу кунга қадар умрида бу қадар катта балиққа дуч келмаган.

«Мен 20 йилдан ортиқроқ вақтдан буён балиқчилик билан шуғулланиб келаман, аммо шу кунгача бунақа лаққани кўрмагандим. Шубҳасиз, бу мен шу кунгача тутган энг катта балиқ», — дея таъкидлаган овчи.

Лаққани сувдан олиб чиқиш учун Грисенди бир соатдан кўпроқ вақт сарфлаган, дея аниқлик киритади The Mirror нашри.

«Албатта у етарли даражада оғир эди. Уни сувдан чиқариб олиш учун кўп куч ва чидам керак эди. Лекин у шунга арзирди ҳам», — дея қўшимча қилади италиялик балиқчи.

2014 йилда АҚШнинг Луизиана штатидаги Миссисипи кўлидан 12 ёшли болакай 51 килограмм оғирликдаги лаққани тутиб олганди. Лоусон Бойтнинг ота-онаси берган маълумотга кўра, ўшанда уларнинг фарзанди 2005 йилда овчи Кит Дэй томонидан тутилган 49,9 килограммлик лаққанинг рекордини янгилаганди.

2013 йилнинг июлида эса Беларусь президенти Припять кўлидан (Гомель вилояти) учта лаққа тутиб олгани ва улардан бири 57 килограмм келишини айтганди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўти жоиз, лаққанинг (сом) узунлиги беш метргача етиши мумкин. Бундай турдаги балиқларнинг вазни тахминан 400 килограммгача бўлиши мумкин.