Жаҳон | 08:05 / 02.01.2016
3534
2 дақиқада ўқилади

Исландия президенти олтинчи муддатга қайта сайланмаслигини маълум қилди

Исландия президенти Оулавюр Рагнар Гримссон ўз муҳлати тугагач, мамлакат президентлиги учун 2016 йилнинг ёзида ўтказиладиган сайловда иштирок этишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

"4 йил олдин жиддий чақириқлар бўлгани учун мен ўз лавозимимда қолишга рози бўлгандим. Энди бу масъулиятни бошқа бир инсоннинг елкасига қўйиш вақти келди деган", Гримссон.

Унинг амалдаги президентлик муҳлати 2016 йилнинг июнида якунланади. Гримссон 2012 йилнинг 1 июнида бешинчи марта президентликка сайланганди. Унга ўшанда 37 ёшли журналист Тора Арнорсдоттир рақиблик қилган.

Гримссон айни вақтда 73 ёшда. У тўртинчи муҳлатдан кейин ҳам лавозимини тарк этишни истаган, лекин исландияликлардан 30 минг нафардан ортиғи унинг қолишини сўраб имзо йиғишганди.

Маълумот учун, Исландия қонунчилигига кўра, президентнинг неча марта сайловда қатнашиши бўйича чеклов йўқ. Сайлов арафасида ягона сиёсатчи президентлик учун номзод кўрсатса, у овоз беришларсиз лавозимни эгаллаши мумкин.