Жаҳон | 11:16 / 04.01.2016
4484
1 дақиқада ўқилади

Эрон: Саудия дипломатик алоқаларни узиш билан қатлларни хаспўшлай олмайди

Эрон ТИВ ўринбосари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Саудия Арабистони дипломатик алоқаларни узиш билан “улкан хатоси – ан-Нимрнинг қатл этилиши”ни беркита олмайди, деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларини Reuters агентлиги келтирди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Саудия Арабистони ИИВ 47 кишига нисбатан ўлим жазосининг ижро этилгани борасида баёнот тарқатди. Қатл қилинганлар сирасида шиа илоҳиётчиси Нимрон ан-Нимр ҳам бор эди. Бу Эрон ва Саудия ўртасидаги жанжални келтириб чиқарди.

3 январь куни эронликлар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси биноси олдида норозилик намойишлари ўтказишди. Улар бинони остин-устун қилиб, ёнғин келтириб чиқаришди. Полиция 40 кишини ҳибсга олди.

Шу воқеадан сўнг Риёд Теҳрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга қарор қилди. Айни пайтда Абдуллоҳиён саудиялик дипломатлардан ҳеч кимга зарар етмаганини, Эрон дипломатлар учун минтақадаги энг хавфсиз давлатлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.