Жаҳон | 12:40 / 04.01.2016
3604
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужумга эътибор қаратишни сўради

Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Одил ал-Жубайр қироллик томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашига ўзининг Эрон ва Ироқдаги дипломатик миссияларига уюштирилган ҳужумлар бўйича мурожаат қилингани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда "Ал-Арабия" телеканалида маълум қилинган.

Ал-Жубайрнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони Эрон томонидан саудияликларнинг Бағдоддаги элчихонасига ҳужум қилинишини ташкиллаштириши эҳтимолини текширмоқда. Бир неча кун олдинроқ, Саудия Арабистони Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида 25 йиллик танаффусдан кейин элчихонаси фаолиятини қайта тиклаганди.

Саудия Арабистони ТИВнинг расмий вакилининг аниқлик киритишича, БМТ ХК Эрон ҳукуматидан Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига ва Машҳаддаги консулхонасига ҳужум қилинишига йўл қўйиб берганига изоҳ сўраши керак.

Бундан олдинроқ, Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Эрон билан дипломатик алоқалар бузилганини маълум қилганди.