Жаҳон | 23:18 / 07.01.2016
4639
2 дақиқада ўқилади

Меркель Кёльндаги воқеалар ҳақида: Германия қонунни ҳурмат қилмайдиганларга аниқ ишора бериши керак

Германия фуқаролари Кёльндаги воқеаларга ҳуқуқий давлатнинг адолатли жавобини кутиш билан яшамоқда.

Германия маҳаллий қонунларга ҳурмат қилмайдиганларга босим ўтказиши лозим. Бу ҳақда Берлинда Германия канцлери Ангела Меркель Руминия бош вазири Дачиан Чолош билан берган матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

“Биз қайта ва қайта бизнинг маданий ўзаро мавжудлигимиз асослари ҳақида гапиришимиз керак. Одамлар бу сўзлардан кейин ҳаракатлар амалга оширилишига тўлиқ ҳуқуққа эгалар. Ва бу ерда бизнинг тартиб-қоидаларимизга амал қилишни истамаётганларга аниқ ишора бериш учун биз Германияга кириш ва ундан депортация қилиш масалалари бўйича зарур бўлган барча нарсани қилганмизми-йўқми текширишимиз лозим”, деб айтди Меркель.

Меркель шу тариқа Кёльнда янги йил кечаси содир бўлган воқеаларга жавоб берди. Ўша воқеаларда “араб ва африкаликлар қиёфасидаги” минглаб ёшлар гуруҳларга бўлиниб, аёлларга тажовуз қилган.

Полицияга ушбу жиноятлар юзасидан 121 та шикоят тушган.

“Янги йил кечаси юз берган вазиятга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳуқуқий давлат бундай жиноятларга кўз юма олмайди”, деб айтди Меркель.

Аввалроқ Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер қонунбузар муҳожирларга нисбатан тез суръатлардаги депортация жараёнини қўллаш фойдасига фикр билдирди. “Жиддий жиноятларни амалга оширувчилар улар қандай мақомда бўлишларидан қатъи назар, Германиядан депортация қилинишини кутиши керак”, деб айтди де Мезьер.