Жаҳон | 22:45 / 08.01.2016
10159
2 дақиқада ўқилади

Эроннинг охирги шоҳининг эгизак синглиси 96 ёшида вафот этди

Эроннинг охирги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг эгизак синглиси Ашраф Паҳлавий 7 январда 96 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги маълум қилди.

Ашраф Паҳлавий маслаҳатчиси Роберт Армаонинг айтишича, аёлнинг вафотига унинг кекса ёши сабаб бўлган. Армаонинг таъкидлашича, аёл Европа давлатларидан биридаги уйида уйқусида вафот этган.

Ашраф Паҳлавий Теҳронда 1919 йил 26 октябрда полковник Ризо Паҳлавийнинг оиласида дунёга келган. Ризо Паҳлавий 1925 йилда тўнтариш оқибатида шоҳ тахтини эгаллаган. Аёл Эрон подшоҳлиги ва Паҳлавий сулоласидаги охирги шоҳ бўлган эгизак акасидан кейин туғилган.

Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукмронлик қилган даврда (1941-1979 йиллар), Ашраф Паҳлавий акасининг маслаҳатчиси бўлган ва Паҳлавийлар уйи ва бутун давлат ишларига катта таъсирга эга бўлган. Ашраф АҚШ ва Буюк Британия махсус хизматларининг 1953 йилда бош вазир Мўсодиқ ҳукуматининг тўнтарилиши бўйича ўтказган операция ва кейинчалик АҚШ капитали учун Эронда эшикларни очишда бош роллардан бирини ўйнаган.

Ашраф Теҳронни ўзининг акаси ва унинг оиласи билан 1979 йилда ислом инқилоби авж олган бир вақтда тарк этган. Аёл муҳожирликда Нью-Йорк, Париж, Француз Ривьерасида яшаган.