Жаҳон | 12:48 / 10.01.2016
10114
5 дақиқада ўқилади

Блогер: Кёльндаги воқеалар ҳақида қалбаки суратлар тарқатилмоқда

Охирги бир неча кундан буён Европа матбуотининг асосий мавзуси Янги йил кечаси Кёльн шаҳрида муҳожирлар томонидан аёлларга уюштирилган ҳужумлар бўлиб қолди. Қочқинлар бошпанасидан чиққан ёшларнинг тўполон қилгани ва маҳаллий аёлларга нисбатан зўравонлик ишлатгани шубҳасиз. Аммо, айрим сиёсатчилар, журналистлар ва экспертларнинг фикрича, мазкур воқеаларни кўпиртириб кўрсатиб, бу орқали ўз мақсадларига эришмоқчи бўлган кучлар мавжуд.
Жумладан, рангларни янада қорайтириш, қочқинларга нисбатан нафрат уйғотиш мақсадида ахборот майдони янгидан янги, бири бошқасидан мудҳишроқ тафсилотлар билан бойитилмоқда. Кўплаб сохта фотосуратлар тайёрланмоқда ёхуд мутлақо бошқа жойларда олинган тасвирлар “Кёльнда муҳожирларнинг бебошлиги” сингари сарлавҳалар остида ижтимоий тармоқлар ва ташвиқий сайтлар орқали тарқатилмоқда.
Россиялик блогер Алексей Ковалёв мана шундай фотосуратларга эътибор қаратди ва уларнинг келиб чиқишини таҳлилдан ўтказди.

Биринчи фотода юзи аниқ кўринмаган ёш йигит ёнидан ўтиб кетаётган аёлга қараб тупургани акс этган, иккинчисида эса бир гуруҳ муҳожирлар сочи узун кишини, ташвиқотчиларнинг уқтиришича, аёл кишини қуршаб олиб, унга тегажоғлик қилмоқда. Таъкидланишича, суратларнинг биринчиси Швеция пойтахти Стокгольмда, иккинчиси эса Австрияда Янги йил кечаси олинган. Бошқа бировларнинг эътироф этишича, улар Кёльнда туширилган.


Ҳаттоки машҳур америкалик актёр Жеймс Вудс ҳам пропагандага алданиб, бу метариалларни Twitter’даги микроблогида жойлаштирган.
“Швеция яхши ҳаёт қидириб келган кишиларга қайноқ қучоғини очмоқда”, - деб киноя қилган санъаткор.
Аниқланишича, биринчи фотосуратнинг Швецияга ҳам, Германияга ҳам, Янги йилга ҳам алоқаси йўқ: у 2013 йил февралида Австрия пойтахти Венада бўлиб ўтган митинг видеосидан кесиб олинган бир кадрдир.

Ҳар йили ўзини “Австрия озодлик партияси” деб номловчи фашистик сиёсий ташкилот Венада академик бал ўтказади; унда консерватив аслзодалар ва фашистлар тўпланади. Партияга оид баъзи фактлар диққатга сазовордир.

Биринчидан, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида партия нацист Германияси, айнан Вермахт зобитлари ва NSDAP (Германия миллатчи-социалистик ишчи партияси) билан яқиндан ҳамкорлик қилган: партия раҳбариятининг асосий қисми уларнинг аъзолари эди. Иккинчи Жаҳон урушида нацистлар мағлубиятга учрагач, барча партия ва тузилмалар тарқатиб юборилди. Аммо 40-йиллар охирида ҳаракатнинг собиқ фаоллари дастлаб “Мустақиллар иттифоқи”, сўнг “Австрия озодлик партияси” номи остида қайтадан бирлашди. Бош мақсади сифатида Австрияда ўрта ва кичик тадбиркорликни ривожлантиришни кўрсатганига қарамай, ташкилот ҳозирча фақат яҳудийларни ҳақорат қилгани билан келтириб чиқарган жанжал орқалигина “машҳур” бўлишга улгурди.

Иккинчидан эса, партия бугунги кунда Россия билан жуда яқин алоқаларга эга. Тузилма етакчилари мунтазам равишда Россияга ташриф буюриб, нуфузли тадбирларда иштирок этишади, маҳаллий матбуотда чиқишлар қилишади.
Ҳар йили “Австрия озодлик партияси” ўзига хос “Вена академик бали”ни уюштиради. Унда казо-казолар шампан виноси ичади, рақс тушади ва Гитлерни кўкларга кўтариб мақтайди.

Бундай ошкор фашистик идеология австрияликларнинг аксарият қисми томонидан қўллаб-қувватланмайди. Шу боис веналик ёшлар 2013 йил февралида бал оқшомида норозилик намойиши уюштириб, тадбирнинг тарқатиб юборилишига эришган эди.

YouTube’да эълон қилинган видеода кўринишича, намойишчилар фашистларни ҳақорат қилган ва бошқа йўллар билан норозилигини кўрсатган. Ҳиссиётларга берилиб кетган ёшлардан бири ёнидан ўтаётган аслзода аёлга қараб тупурган.

Эндиликда ушбу видеодан тупуриш саҳнаси кесиб олиниб, Кёльнда муҳожирлар 2015 йилдан 2016 йилга ўтар кечаси немис аёлларини ҳақорат қилганининг исботи сифатида пеш қилинмоқда. Аслида эса 2013 йил февралида Австрияда тасвирга туширилган бу роликда бирорта ҳам муҳожир қатнашмаган.

Иккинчи суратда эса, блогернинг аниқлашича, дарҳақиқат муҳожирлар кўрсатилган. Аммо у Кёльнда 2015 йилнинг 31 декабрида эмас, Венгрия пойтахти Будапештда жойлашган Келети вокзалида 2015 йилнинг сентябрида олинган. Унда Венгрияга келган муҳожирлар акс этган. Поездда жой талашиб ёки бошқа сабаб туфайли қочқинлар бир-бири билан жанжаллашиб қолган. Тарғиботчилар томонидан “муҳожирлар қуршовида қолиб кетган кёльнлик аёл” деб кўрсатилаётган сариқсоч кимса аслида эркак бўлиб, муҳожирлардан биридир.

Бу каби ёлғон-яшиқ ахборот кўп миқдорда ёйилмоқда. Ҳар бир ҳолатни бош-оёқ кўриб чиқишнинг имконияти йўқ, негаки ёлғонни фош қилиш ёлғон гапиришдан кўра кўпроқ вақт ва меҳнатни талаб қилади. Шу боис интернет фойдаланувчиларидан биринчи навбатда хушёр бўлиш, ахборот манбаларини синчиклаб текшириш талаб қилинади, акс ҳолда улар ахборий уруш қурбонларига айланиши мумкин.

Элдор Асанов тайёрлади