Жаҳон | 00:22 / 16.01.2016
5490
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Суриянинг Мадая шаҳрида 32 киши очликдан ҳалок бўлган

Сурия оппозицияси назоратида бўлган Мадая шаҳрида сўнгги ойда 32 киши очликдан ҳалок бўлган. Бу ҳақида БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури расмий вакили Беттина Люшер (Bettina Luescher) Reuters’га хабар берган.

БМТ вакиллари берган хабарга кўра, Сурия армияси ва жангарилар, шунингдек “Ислом давлати” террористик гуруҳи экстремистлари томонидан эгаллаб олинган 15 та аҳоли пунктлари ва туманларда 450 мингдан ортиқ киши яшамоқда. Шу сабабли бундай туманларга гуманитар ёрдамни амалга ошириш жуда мураккаб.

15 январь куни Россия армияси Суриядаги гуманитар ёрдамни кенгайтириш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақида Бош штаб асосий тезкор бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Сергей Рудской хабар берган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда бир қатор халқаро нодавлат ташкилотлар Сурияга гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан шуғулланмоқда, бироқ “ёрдам асосан жангарилар томонидан назорат қилинаётган туманларга юборилмоқда, уларнинг катта қисми экстремистлар қўлига етиб боряпти ва уларни таъминлашга сарфланмоқда”.

Эслатиб ўтамиз, Сурияда 2011 йилдан бери фуқаролик уруши давом этмоқда, президент Башар Асад ҳукуматига оппозициянинг қуролланган дунёвий, ҳамда ислом гуруҳлари қарши чиқишмоқда. Можаро давомида “Ислом давлати” гуруҳи куч тўплади, унинг жангарилари мамлакатнинг бир қисми устидан назорат ўрнатди.

Россия Башар Асад президент Владимир Путинга илтимос билан мурожаат қилганидан сўнг, 2015 йилнинг 30 сентябрида Араб Республикасидаги террористларга қарши курашиш учун ҳаво кучлари операциясини бошлади. 2014 йилнинг сентябрь ойидан бери АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция жангариларга қарши авиазарбалар бермоқда. Сурия ва Ироқдаги ақидапарастларга қарши ерда мазкур мамлакат қўшинлари, курд тузилмалари кураш олиб бормоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш