Жаҳон | 22:48 / 19.01.2016
9790
2 дақиқада ўқилади

Жарроҳ Сержио Канаверо бир маймунга бошқа маймун боши муваффақиятли кўчириб ўтказилганини маълум қилди

2017 йил декабрида россиялик дастурчи Валерий Спиридоновнинг бошини кўчириб ўтказишни режалаштираётган италиялик жарроҳ Сержио Канаверо ушбу лойиҳа бўйича ишлар муваффақиятли олиб борилаётганини айтди. Унинг айтишича, бундай жарроҳлик каламуш ва маймунларда муваффақиятли амалга оширилган. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Канаверонинг таъкидлашича, унинг жамоаси каламушларда бош ва орқа мия ўртасидаги узилган нейрон боғланишларни тиклашга (натижада уларнинг ҳаракатчанлиги 60 фоизга тикланган) ва маймунга бош кўчириб ўтказишга муваффақ бўлган. Жарроҳнинг айтишича, бу операция муваффақиятли ўтган, бироқ маймун азобланмаслиги учун 20 соатдан кейин ҳаётига чек қўйилган.

Бу ишнинг натижалари ҳозирча ҳеч қаерда чоп этилмади. Канаверонинг айтишича, ушбу иш бўйича мақолалар иккита журнал томонидан қабул қилинган, бироқ бу қайси журналлар эканлиги ва мақолалар қачон чоп этилиши ҳақида ҳеч нарса айтмади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бошни кўчириб ўтказиш бўйича операцияни ҳозирча амалга ошириб бўлмайди. Трансплантолог жарроҳ Паоло Маккиарини Канаверони “жиноятчи” деб атамоқда, тиббиёт фанлари номзоди, нейрохирург Алексей Кашеевнинг айтишича, шифокорлар тирик тўқималарни кўчириб ўтказишда ҳозирда тиббиёт ҳал қилишга қодир бўлмаган бир қатор муаммоларга дуч келмоқдалар.