Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда экспортчилар учун имтиёзлар оширилади
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги экспорт фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқмоқда, деб маълум қилди вазирликдаги манба Sputnik нашрига.
Тегишли давлат тузилмаларидаги махсус ишчи гуруҳлар маълумот йиғиб, экспорт схемалари ва имтиёзларини оптималлаштириш бўйича ўз таклифларини тайёрламоқдалар, шундан кейин бу таклифлар умумийлаштирилиб, ҳукуматга кўриб чиқиш учун тақдим қилинади.
Манбанинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси экспортчилар учун имтиёзларнинг оширилишини кўриб чиқади. Янги таҳрирдаги имтиёзлар тизими тармоқлар ва корхоналар бўйича персоналлаштирилади.
Бундан ташқари, божхона механизмлари ҳам жиддий ўзгаришларга учрайди: ҳукумат божхона жараёнларини соддалаштиришни мўлжалламоқда. Яна бир йўналиш – ташқи савдо операцияларини ўтказиш учун тарифларнинг пасайтирилишидир.
Экспорт-импорт ва транзит операцияларини тартибга солиш жараёнларини соддалаштиришда янги божхона ахборот тизими муҳим роль ўйнаши керак. Бу тизим Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида яратилмоқда. Ушбу лойиҳани йил охиригача якунлаш режалаштирилмоқда.
“Янги ишлаб чиқилаётган мажмуада алоҳида ўринни кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар эгаллайди. Бу йилда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси устав капиталини икки марта кўпайтириш бўйича таклифлар мавжуд”, деб айтмоқда манба.
Ўтган йили бу жамғарма 3213 та тадбиркорлик субъектига ўз маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорларга олиб чиқишга ёрдам берди. Натижада бу субъектлар 1,05 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилдилар ва хизматлар кўрсатдилар. Бу тажрибани бутун республика бўйлаб татбиқ қилиб, барча вилоятларда жамғарманинг бўлимларини яратиш режалаштирилмоқда.