Жаҳон | 00:53 / 19.01.2016
4610
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда интернет фойдаланувчилари билан Ички ишлар вазирлиги номидан фирибгарлик қилинмоқда

Қирғизистонда мобиль телефон ва планшетлар фойдаланувчиларидан пул талаб қилиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ИИВ маълумотларига кўра, жиноятчилар мобиль қурилмалар ва компьютерларга браузер ишини блокловчи зарарли дастурларни киритмоқдалар. Қурилмалар экранига гўёки фойдаланувчи таъқиқланган интернет-контентга киргани учун ИИВ томонидан блоклангани ҳақида ва қурилмани блокдан чиқариш учун реквизитлари кўрсатилган электрон картмонга 1,5 минг сом жарима тўлаш талаб қилинаётган хабар чиқмоқда. “Жиноятчилар шунга ўхшаш бошқа мазмундаги хабарларни ҳам жўнатиши мумкин”, дейилмоқда ИИВда.

Маълум қилинишича, ИИВнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Товламачилар ишонувчан одамларни чув туширишни мўлжалламоқда. Қирғизистон ИИВ 10-бош бошқармаси мобиль қурилмаларда бундай хабарлар пайдо бўлганда кўрсатилган ҳисоб рақамига пул ўтказмаслик ва дарҳол маҳаллий ички ишлар бўлимларига мурожаат қилишни сўрамоқда. “Қурилмани мустақил равишда блокдан чиқариш учун браузернинг кэш-хотирасини тозалаш керак ва бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун доимо антивирус дастурларидан фойдаланиб юриш лозим”, деб қўшимча қилмоқда ИИВ.