Технология | 21:44 / 19.01.2016
2800
2 дақиқада ўқилади

Uber аэротакси хизматини синовдан ўтказади

Uber таксига онлайн-буюртма бериш хизмати Airbus компанияси билан янги ҳаво ташишлари хизмати учун вертолётлар етказиб берилиши бўйича келишиб олди. Uber аэротакси пилот лойиҳаси доирасида йўловчиларни АҚШнинг Юта штати бўйлаб ташийди. Бу ерда январь охирида “Сандэнс” кинофестивали бўлиб ўтади.

“Бу тажрибавий лойиҳадир, у қандай боришини кузатиб борамиз, у жуда мароқли бўлиши керак”, деб айтди Airbus бош директори Том Эндерс Мюнхенда бўлиб ўтган Digital Life Design анжуманида. Эндерс келишув тафсилотларини ошкор этмади.

The Wall Street Journal нашрининг изоҳлашича, Ютада йўловчилар Airbus H125 ва H130 моделидаги вертолётларда ташилади, ташувлар билан маҳаллий Air Resources компанияси шуғулланади.

Uber аввалроқ ҳам хусусий авиаташувлар хизматини синовдан ўтказган, бироқ уни доимий асосда йўлга қўймаган. Мисол учун, компания 2013 йилда Манхэттендан Хэмптонга, Остинда “Формула 1” Гран-приси ўтказилганда ва Канн халқаро кинофестивали вақтида UberChopper ҳаво сафарларини таклиф қилган.

Аэротакси хизмати камида бир неча юз доллар турган. Мисол учун, Хэмптонгача сафар 3 минг доллар турган. Ушбу нархга йўловчиларни вертолёт майдончасигача ва улар мўлжалланган жойга вертолётда етиб боришгач, охирги манзилга етказиб қўядиган ердаги такси хизмати ҳам киритилган бўлган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш