Жамият | 19:50 / 25.01.2016
5153
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Олмаотада 7 фарзандли она вайроналарда яшамоқда

Қозоғистон матбуоти кўп фарзандли, аммо кам таъминланган оилалар муаммоларини кўтариб чиқишда давом этмоқда. Бу сафар 37 ёшли Майрамгул Набиева ҳикояси газеталар саҳифаларидан ўрин олди.

Айтилишича, аёл Олмаота вилоятида истиқомат қилиб келади. Ярим вайрона аҳволидаги хонадон ижараси 10 минг тангани ташкил қилади. Айни пайтда, ҳокимият унга ёрдам беришдан бош тортмоқда: айтилишиқа, гўёки унинг феъли ёмонлигидан ҳатто эри ҳам кетиб қолган.

Аёл 7 нафар фарзанди билан кўрпаларда, битта хонада ётади. Улар бу уйда ярим йилдан буён яшаб келмоқда.

Айтилишича, Майрамгул “Қаҳрамон она” унвонига эгадир.

Набиеванинг ҳикоя қилишича, уларнинг уйи 2013 йили ёниб кетган. Эри кетиб қолгач, аёл Челак қишлоғида ушбу вайроналарни ижарага олиб яшаб келмоқда.

Коммунал хизматлардан қарзи борлиги туфайли уй электр тармоғидан узилган. Кўмир ва ўтиннинг қимматлиги боис уй чиқиндихонадан тўплаб келинган ахлат билан иситилади.

“Печга ўтин ўрнига бошмоқлар солганимизда болалар заҳарланмаслиги учун уларни кўчага чиқарворамиз”, - дейди Набиеванинг қизи, 14 ёшли Алфия.

Набиеванинг энг катта фарзанди 16 ёшли Арманжон, энг кичиги эса 4 ёшли Зулфиядир. Болалар дарсга доимий равишда бора олишмайди, негаки кийим-кечакдан ва ўқув қуролларидан камчиликлари кўп.

Бошига бундай кунлар тушишига аёлнинг ўзи ҳам айбдор бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди журналистлар.

“Илгари Набиева Уйғур туманида яшарди, аммо ёмон феъли туфайли у ердан оқсоқоллар кенгаши томонидан кўчириб юборилди; кейин у қўшни Тескенсув овулида яшади, аммо у ерда ҳам узоқ тура олмади. Ҳатто эри ҳам қочиб кетди”, - дейди туман ҳокими Есенғали Есенхонов.

“Биз унинг болаларини интернатга жойлаштирганимизда, аёл у ерга маст ҳолда бориб, мудира билан муштлашди. Полиция чақиришга тўғри келди”, - қўшимча қилди унинг ўринбосари Мади Бектосов.

Нима бўлганда ҳам, айни пайтда ушбу оиланинг муаммоси ҳал қилинган эмас ва ҳокимият бу масалани ўзидан соқит қилишга уринмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш