Жамият | 16:51 / 26.01.2016
5236
2 дақиқада ўқилади

Дайди итни асраб олган макака Ҳиндистон ижтимоий тармоқларида шовшувга сабаб бўлди

Ҳиндистоннинг Эрод шаҳри яқинида истиқомат қилувчи макака дайди итни боқиб олиб, унга ғамхўрлик қила бошлаганидан сўнг Facebook ижтимоий тармоғида машҳур бўлиб кетди. Фойдаланувчи Санжай Пандев ижтимоий тармоқда жониворларнинг суратларини эълон қилди. 26 январга қадар, The Daily Mail нашрининг хабар беришича, суратларни 170 мингдан ортиқ фойдаланувчи кўриб улгурган.

Айтилишича, маймун кучукчани бутунлай ўз ҳимоясига олган. У бошқа дайди итларни ўзи асраб қолган кучукчадан узоққа ҳайдайди, уни кўтариб олганча шохдан шохга сакраб юради.

Бундан ташқари, макака митти кучукчанинг қорнини тўйдириш учун унга мевалар таклиф қилади. Одамлар жониворларга сут берганида, маймун асранди боласини биринчи бўлиб овқатлантириб олди.

“Уларни кўрган одамлар жониворлар дарҳақиқат бир-бирига боғланиб қолганини таъкидламоқда”, - деди воқеа гувоҳларидан бири Саси Кумар. Унинг тахмин қилишича, муқаддам макаканинг боласи нобуд бўлган, шу боис у кучукчага ғамхўрлик қилмоқда.