Жамият | 19:07 / 26.01.2016
3631
1 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида ўзбекистонлик аёл эмизикли боласини сотгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Москва вилоятининг Долгопрудний шаҳар суди Ўзбекистон фуқароси Гулнора Ҳошимовага нисбатан қўзғатилган иш бўйича айблов ҳукмини чиқарди. Ҳошимова Россия Жиноят кодексининг “Одам савдоси” моддасида кўзда тутилган жиноятни амалга оширганликда айбдор деб топилди.

Суднинг ўрнатишича, Ҳошимова 2015 йил 16 октябрда Долгопрудний шаҳрида ўзининг икки ойлик ўғлини 70 минг рублга сотиш пайтида қўлга олинган. Чақалоқнинг сотилиши ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари назоратида ўтган. Аёл пулларни олиши биланоқ ҳибсга олинган.

Суд Ҳошимовага жазони умумий тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониясида ўташ шарти билан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарди.

Айни вақтда аёлнинг боласи Москва вилоятидаги шифохоналардан бирида қолмоқда.