Жаҳон | 00:23 / 26.01.2016
4659
2 дақиқада ўқилади

Сенегал махсус хизмати 900 дан кўпроқ одамни ҳисбга олди

Сенегал махсус хизматлари ўтган дам олиш кунлари террорчилик хавфини аниқлаш ва олдини олиш бўйича чораларни амалга ошириш доирасида катта кўламдаги операция ўтказди. Бу ҳақда Сенегал полицияси берган хабарда айтилмоқда.

Хабарда айтилишича, мамлакат пойтахти Дакар ва Тиес шаҳарларида ўтказилган бир қатор рейдлар натижасида 900 дан кўпроқ одам ҳибсга олинган. Рейдлар бу шаҳарларда террорчиларнинг ҳужуми объектига айланиши мумкин бўлган кўплаб меҳмонхоналар ва сайёҳлик объектлари бор бўлгани учун ўтказилган.

Операцияда полиция бўлинмалари ва тезкор жавоб бериш бригадалари иштирок этди. Ушланган шахслардан бир қисмининг ёнидан совуқ қурол, қалбаки банк чеклари ҳамда гиёҳванд моддалар аниқланган.

Сенегалда 15 январда Буркина-Фасо пойтахти Уагадугудаги меҳмонхонага қилинган ҳужум каби теракт бўлиши имкониятини бартараф қилишмоқчи. Уагадугуда қуролланган жангарилар гуруҳи ҳужуми оқибатида 30 киши, жумладан хорижликлар ҳалок бўлганди.

Сенегал ички ишлар вазирлиги аксилтеррорчилик кураши бўйича қўмита тузилганини эълон қилди, уни ички ишлар вазири назорат қилади. Дакардаги ва бошқа шаҳарлардаги меҳмонхоналар эгаларига қўриқлашни кучайтириш ҳақида қатъий кўрсатмалар берилган. Сенегал полицияси раҳбари Умар Мал “махсус хизматлар ва аҳоли яқиндан ҳамкорлик қилиши” лозимлигини, бусиз ҳукумат кўраётган чоралар самарасиз бўлишини айтди.