Жамият | 13:18 / 27.01.2016
2141
2 дақиқада ўқилади

Чилида Пиночет режими қурбонларининг оилаларига 1.3 млн доллар бадал тўланади

Чили олий суди ҳукуматга собиқ диктатор Аугусто Пиночет режими қурбонларининг оилаларига товон пуллари тўлаш ҳақида кўрсатма берди. La Jornada en Linea нашрининг ёзишича, бадалнинг умумий миқдори 1.3 млн долларни ташкил қилади.

Бу сумма 1973-1974 йилларда дом-дараксиз кетган тўрт кишининг оиласига бўлиб берилади. Пулнинг энг катта қисми – 975 минг доллар Мигель ва Ҳильберто Рохасларнинг оилаларига тўлаб беради, улар 1973 йил октябрида Парраль шаҳри яқинида ўғирлаб кетилган эди. Бир йилдан сўнг йўқ бўлиб қолган яна икки мухолифатчининг оилаларига 272 ва 16 минг доллардан тўлаб берилади.

1973 йили ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимият тепасига келган Аугусто Пиночет 1990 йилдагина ҳокимият фуқаролик ҳукуматига топширди. Расмий маълумотларга қараганда, Пиночет ҳукмронлиги йилларида Чилида сиёсий сабабларга кўра 3.2 минг киши ўлдирилган, 1.2 минг киши ўғирлаб кетилган, 28 минг киши қийноққа солинган. Пиночетга қарши очилган иш охирига етмай қолди, негаки диктатор 2006 йилда оламдан ўтди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш