Жамият | 11:57 / 27.01.2016
2991
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда мобил алоқанинг рўйхатдан ўтмаган абонентлари тармоқдан узиб қўйилади

2016 йилнинг 1 февралидан Қирғизистонда мобил алоқанинг рўйхатдан ўтмаган абонентлари тармоқдан узиб қўйилади. Бу ҳақда ҳукумат қошидаги давлат алоқа агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

2016 йил 18 январь ҳолатига кўра республикада 7814743 кўчма радиотелефон алоқа абоненти бор. Персонификация жараёнидан эса 7490134 фойдаланувчи ўтган бўлиб, бу абонентларнинг 95.85 фоизини ташкил қилади.

Ҳафта охирига қадар абонентлар ўз рақамларини рўйхатдан ўтказиб, мобил операторлар билан шартномалар туза олади.

SIM-карталар регистрацияси бепул ўтказилади. Бунинг учун ҳар қандай савдо нуқтасига шахсни тасдиқловчи бирор ҳужжат билан келишнинг ўзи кифоя. 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг рақамлари уларнинг қариндошлари номига ўтказилади. Чет эл фуқаролари Қирғизистон фуқаролари билан бир хил шартларда ўз рақамларини рўйхатдан ўтказа олади.