Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Қаримайдиган Буффон": Футболдаги садоқат ва шижоат сиймоларидан бири 38 ёшда
Бугун, 28 январь куни италиялик таниқли дарвозабон Жанлуиджи Буффон ўзининг 38 ёшини қаршилади.
Ўзбекистонлик таниқли футбол журналисти Хайрулла Ҳамидов унинг шу таваллуд куни муносабати билан "Қаримайдиган Буффон" номли пост ёзди. Бу пост uff.uz сайтига жойлаштирилган.
"Бугун эрта тонгда кечаги ўйинларнинг натижасини билиш учун интернетга кирдим. “Ювентус” ўзининг қаторасига 12-ўйинида ғалаба қозонганини кўрдим.
Ҳамма Дибалаю Моратанинг голларини мақтаб ётган экан. Менинг нигоҳимда эса бошқа сиймо гавдаланди.
Бугун ана шу афсонавий дарвозабон ҳеч нарсани сезмагандай ўйнашда давом этмоқда. У туғилган кунини нишонламаса ҳам бўлади. Ахир, 38 деган рақамни эшитганлар ҳайрон қолишмайдими, бу нима қилиб юрибди футболда, деб.
Ҳамма футболдан ҳар хил кетади.
Баъзилар Маттеусга ўхшаб, ўрнини сақлаб қолиш учун ҳужумдан ҳимоя чизиғига қадар чекинишга-да мажбур бўладилар.
Баъзилар Раулга ўхшаб қадр топмаган клубидан бошқа томонларга кетиб, ўша томонларда ўзларига ҳайкал ўрнатадилар.
Баъзилар Хавилар танлаган қисматга ризолик билдирадилар - шараф топган клубидаги мавқеи тушиши арафасида пул учун ўзига ярашмаган жойларда ҳам ўйнашга розилик...
Баъзилар Роналдиньо мисолида ўз мухлисларини-да қаёққа кетганини ўйлатадиган даражада пастга шўнғийдилар.
Баъзилар эса Шевченко каби “бир адашгач”, ўзини ўстирган жонажон ватани ва жонажон клубига келиб, ўз шарафини қайта тиклаб олади.
Баъзилар Зидан каби чўққига чиқиб турган пайтда ҳаммасига тупурганча, ўйинни ва мусобақани якунламай, жимгина майдондан чиқиб кетадилар.
Ҳа, ҳамма ҳар хил йўлни танлайди.
Буффон ҳали футболдан кетмаган. Лекин кўнгил сезадики, бу сиймо юқорида номи зикр қилинган барча футболчидан кўра каттароқ шараф ила кетса керак. Ҳа, бугун 38 ёшни қаршилаган Жанлуиджи шундай шарафга аслида лойиқдир.
“Ювентус” пастки лигаларга тушириб юборилганда ҳам, дунёнинг энг зўр посбони бўла туриб, жимгина клуби либосида ўйнайверганини эсланг! “Кекса синьора” крайсери сув тагига чўкиб кетаётган лаҳзаларда кемадан қочиб кетаётган “сичқонлар” ичида Буффон йўқ эди. Дель Пьеро иккиси шу кема билан БИРГА ўлишни ихтиёр айлагандилар. Мана шу икки ўғлоннинг саъй-ҳаракати эвазига Турин суперклуби яна сув устига қайтиб чиқди. Қайтиб чиққанда ҳам, бошқа кемаларга катта тезликда етиб олди ва уларни ҳалигача ўзига яқинлаштирмай келаётир.
Жаҳон чемпиони, дарвозабонлар тарихидаги энг стабил посбон 38 ёшида ҳам тенгсиз бўлиб турибди, бу энди фантастика жанрига оид масала (ФИФАнинг рамзий терма жамоасига мен ҳам тупурдим).
Буффон ҳақидаги энг чиройли таърифни Тьери Анри 2006 йилги финал баҳсидан сўнг бериб бўлган: “Дарвозабонларни ярим жамоа дейишади. Тўғри. Аммо Буффон баъзида бутун жамоага айланиб кетади!”

1978 йилда Тоскана вилоятининг Каррара шаҳрида дунёга келган Жанлуиджи 1991-2001 йилларда "Парма" жамоасидаги ўйинлари орқали танила бошлаганди. 2001 йилда эса унинг трансфер ҳуқуқини "Ювентус" ўша вақтдаги рекорд сумма эвазига сотиб олади. Шундан буён Буффон туринликлар сафида узлуксиз фаолият кўрсатиб келмоқда.

Буффон 1997 йилдан буён Италия миллий терма жамоасига чақириб келинади. У терма жамоа билан 2006 йилда Германия майдонларида ўтган мундиалда зафар қучган ва ўша йилда "Олтин тўп" мукофоти учун асосий даъвогарлар сафида бўлган. 2012 йилда эса Буффон "мовий гвардия" билан Европа чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади.

У "Парма" билан Италия Кубоги (1998-1999), УЕФА Кубоги (1998-1999) ва Италия Суперкубоги соҳиби (1999) бўлган.
"Ювентус" сафида эса бу дарвозабон 8 марта Италия А серияси чемпиони, 1 марта Италия Б серияси чемпиони, 1 марта Италия Кубоги ғолиби, 5 марта Италия Суперкубоги ғолиби бўлган. Буффон туринликлар билан икки марта, 2002-03 ҳамда 2014-15 йилларда ЕЧЛ финалига қадар борган.

Буффон Италия терма жамоасидаги дебютини Москвадаги "лой жанги"да ўтказган
Буффон 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин фаолиятини якунлайди