Жаҳон | 18:36 / 28.01.2016
2768
2 дақиқада ўқилади

Япония иқтисодиёт вазири коррупцион можаро туфайли истеъфога чиқди

Япония иқтисодиёт вазири Акира Амари пайшанба куни ўзининг истеъфоси ҳақида эълон қилди. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, бу истеъфо у билан боғлиқ коррупцион можаро фонида рўй берди.

Жорий ҳафтада Shukan Bonshun нашрида ушбу вазир ва унинг ҳамкорлари номи сир тутилган қурилиш компаниясидан 12 млн иена (100 минг доллар) миқдорида пора олгани ҳақида мақола босиб чиқарилганди. Бошқа манбаларга кўра, пора миқдори бир неча ўн млн иена бўлган.

Амари чоршанба куни ўтказилган матбуот анжумани вақтида кўрсатилган пуллар унга сиёсий фаолиятида ишлатилиши учун берилгани ҳақида айтганди. Вазир бундай можаро келиб чиқишига йўл қўйгани учун узр сўраган ва барча жавобгарликни ўз зиммасига олишини билдирган.

Амари вазирликни 2012 йилдан буён бошқариб келаётганди. У АҚШ билан Транс-Тинч Океани ҳамкорлиги бўйича музокараларда муҳим ўрин тутганди.

Амари Синдзо Абе ҳукумати томонидан кунчиқар мамлакат иқтисодиётидаги пасайишни бартараф этиш учун олиб борилаётган “абеномика” сиёсатининг муаллифларидан бири ҳисобланади.