Ўзбекистон | 21:59 / 28.01.2016
10749
1 дақиқада ўқилади

Зомин туманида янги "Даштобод" деҳқон бозори фойдаланишга топширилди

Жиззах вилоятининг Зомин тумани Даштобод шаҳрида янги деҳқон бозори фойдаланишга топширилди. 4,5 гектардан зиёд майдонни эгаллаган савдо мажмуасини барпо этишда 7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Маълум қилинишича, бозорнинг тўртта павильонида гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хўжалик моллари сотишга мўлжалланган 360 савдо растаси мавжуд. Барча иншоотлар тоза ичимлик суви билан таъминланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омбори, автомобиль тўхташ жойи қурилгани сотувчи ва харидорларга янада қулайлик яратмоқда.

Ўтган йили Жиззах шаҳрида учта йирик бозор мажмуаси – “Марказий деҳқон бозори”, “Эски шаҳар деҳқон бозори”, “Эски шаҳар буюм бозори” қайтадан қурилган эди. Айни пайтда туманлардаги 30 деҳқон ва буюм бозорини замонавий савдо мажмуаларига айлантириш ишлари давом эттирилмоқда.