Жамият | 20:57 / 29.01.2016
19389
5 дақиқада ўқилади

Айзек Азимовнинг башоратлари амалга ошдими?

1964 йили машҳур фантаст-ёзувчи Айзек Азимов инсониятни 2014 йилда нималар кутиши ҳақида башорат қилганди. Қуйида унинг 10 та башорати ва уларнинг қай даражада амалга ошгани ҳақида билиб олишингиз мумкин.

1-башорат: “Автоматик овқат” тайёрловчи, сувни кофега айлантириб берувчи ошхона жиҳози яратилади;

Амалга ошдими? Инсоният озиқ-овқат соҳасида яхшигина ривожланиб кетгани бор гап. Аммо ҳали Азимов айтган даражага етгани йўқ. Агарда у айтган башорат амалга ошса, глобал муаммо бўлиб турган очлик масаласи ижобий ҳал этилиши мумкин. Оддий сувни қаҳвага айлантириш эса бугунги кун учун нореал. Балки яна эллик йилдан кейин бу иш авлодларимизни умуман ажаблантирмас…

2-башорат: Ярим тайёр ҳолатдаги егуликлар то уларни пишириш вақти келмагунча совуткичларда туради;

Амалга ошдими? ҲА! Азимовнинг озиқ-овқат соҳасидаги иккинчи башорати тўла-тўкис амалга ошиб бўлди. Бугун ярим тайёр овқатлар шаҳар ҳаётининг муҳим бир қисмига айланиб бўлди. Айниқса, талабалар ҳаётининг.

3-башорат: 2014 йилга келиб ускуналар электр симларисиз ишлайвериши мумкин;

Амалга ошдими? Бугун ҳаётимиздаги аксарият ускуналар заряд билан ишлаш ҳолатига ўтди. Демак, ёзувчининг бу башоратида ҳам жон бор.

4-башорат: “Робо-мияли” машиналар яратиш ишига инсоният жуда катта куч сарфлайди;

Амалга ошдими? Ўзини-ўзи бошқариш даражасидаги технологиялар бир неча йиллардан бери олимларнинг эътиборида. Бу соҳага йирик сармоялар ажратилмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолиши эҳтимоли катта.

5-башорат: Инсонларнинг диққатини Ер юзида ҳаракатланувчи транспортлар эмас, бошқа турдаги, Ер билан минимал алоқадаги транспортлар тортади;

Амалга ошдими? Олим балки қанақадир учар машинаю, “Келажакка қайтиб” фильмидагидек “учар тахтачалар”ни назарда тутгандир. Бир нарсани айтиш мумкин. Бу башорат амалга ошиши учун ҳали вақт керак. Башорат амалга ошган тақдирда ҳам фақат ўта ривожланган давлатлар бундан баҳраманд бўлиши турган гап.

6-башорат: Шаҳар марказларида қисқа масофаларга ҳаракатланувчи тротуарлар пайдо бўлади;

Амалга ошдими? Эскалаторсифат технологияни яратиш ҳозирги давр учун чўт эмас. Аммо эҳтиёж бўлмаса, яратиб нима қилишади? Олим айтган технология биз учун имконсиз эмас, балки кераксиз ихтиродир. Бу технологиянинг ўрнини боса олувчи ўнлаб муқобил вариантлар бор.

7-башорат: 2014 йилга қадар учувчисиз ҳаво кемалари Марсга етиб боришади. Шу йилга келиб эса Марснинг қандай кўринишда эканлигини билиб оламиз;

Амалга ошдими? Олим-ёзувчининг яна бир ҳақиқатга айланган башорати. 50 йиллик давр ҳақида башорат қилинган бир пайтда бир-икки йилга адашиш ҳеч гап эмас. Муҳими инсоният Марс сайёрасини забт этишга киришди ва олим ҳақ!

8-башорат: 2014 йилда ўтказилувчи Бутунжаҳон кўргазмасида балет чиқишларини намойиш этаётган тўлиқ ҳажмдаги 3Д телевизорлар пайдо бўлади;

Амалга ошдими? Олим уч ўлчамли технологиялар пайдо бўлиш даврини ҳам деярли аниқ башорат қилган.

9-башорат: 2014 йилда роботлар бор бўлиши аниқ. Аммо улар жуда кўпайиб кетишмайди. Бундан ташқари, улар ўша пайтда жуда яхши ривожланган бўлишига ҳам ишониш қийин;

Амалга ошдими? Олимнинг бу башоратини амалга ошди, деб ҳисоблайман. Жуда мукаммал роботлар яратилган бўлиши мумкин. Аммо улар ҳаётимиздан чуқур жой олишмади. Уларнинг ҳамма жойда тарқалиб кетиши эса яқин эллик йилликда содир бўлиши мумкин бўлган фараз деган бўлардим.

10-башорат: Ер атрофида айланиб юрувчи йўлдошларимиз инсонларга Ернинг исталган нуқтасига тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиш имконини беради;
Амалга ошдими? ШУНЧАКИ ҲА!

Хулоса шуки, олим-ёзувчининг фаразларидан ҳаммаси ҳам амалга ошмади. Лекин 50 йил кейинги ҳаётнинг баъзи қирраларини олдиндан аниқ айта олишнинг ўзи мушкул.

Фикримизча, Азимов башорат қилишда қандайдир илоҳий қобилиятга таянмаган. У илм-фан одами, технологик тараққиёт инсониятга нималар беришини олдиндан билиши бу табиий ҳол. Ҳақиқат шуки, инсоният у айтган юксалишлардан бир нечтасига эришиб бўлди. Биз учун қизиқ масала энди бошқа: ИНСОНИЯТНИ 50 ЙИЛДАН СЎНГ НИМАЛАР КУТИБ ТУРИБДИ?

Ёрқин келажакка ишонинг! Омон бўлинг, азиз ўқувчи!
Баҳодир Аноров тайёрлади.