Ўзбекистон | 15:21 / 18.03.2016
19892
2 дақиқада ўқилади

Нотариус ҳузурида: Уй-жой ижара шартномасини тузишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Уй-жой ижара шартномасини тузишда қандай ҳужжатлар талаб этилиши мавзуси бўйича энг кўп учрайдиган саволларга Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 11-сон давлат нотариал идораси нотариуси Раҳимахон Жўраева жавоб берди. Бу ҳақда “Бекажон” нашри ёзган.

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

- Уйнинг ҳужжати;
- Уй эгасининг паспорти;
- Уй эгасининг СТИР (Солиқ тўловчининг идентификацион) рақами;
- Никоҳ давомида олинган мулк бўлса, турмуш ўртоғининг паспорт нусхаси, нотариал розилиги, никоҳ ҳақидаги гувоҳномаси;
- Ижарага берилувчи уйда нечта одам рўйхатга туришини аниқлаштирувчи (17-форма) ҳужжат;
- Маҳалладан маълумотнома;
- Ижарага олувчиларнинг паспорт нусхалари ҳамда СТИРни тасдиқловчи ҳужжати;
- Баъзи ҳолларда ижарага олувчининг иж жойидан маълумотнома.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддати тугаса нима қилинади?

Агар ижарага олувчи ўша хонадонда яшашни давом эттирмоқчи бўлса, аввалги шартномага қўшимча келишув тузилади. Бунда юқоридаги ҳужжатларнинг барчаси йиғилмайди, балки уй эгаси ва ижарага олувчининг ўзлари ҳамда уларнинг паспортлари керак бўлади. Қўшимча муддати тугаб, ижарага олувчи яна яшашда давом этмоқчи бўлса, у ҳолда уй-жойни ижарага бериш шартномаси янгитдан тузилиши керак. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.

Шартномага ижарага олувчининг янги оила аъзоларини киритиш мумкинми?

Уй-жойни ижарага олувчи, шунингдек, унинг оила аъзолари бошқа фуқароларни оила аъзоси сифатида уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритишни талаб қилишга ҳақли. Бундай вазият юзага келса, ижарага олувчи ижарага берувчи билан нотариусга бориб, янги оила аъзоларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда шарномага қўшимча тарзда киритилади. Фақат бунда қонун ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилиши шарт.