Жаҳон | 18:27 / 19.04.2016
1632
2 дақиқада ўқилади

Немис разведкаси Европа курортларида терактлар содир этилиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда

ИШИДнинг худкуш террорчилари Европанинг машҳур курортларида қўпорувчиликларни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Итальян махсус хизматлари немис разведкасига шу каби маълумотларни тақдим этган. Бу ҳақда Bild таблоидининг 19 апрелдаги сонида эълон қилинган.

ОАВ хабарига кўра, Франция ва Испания (Коста-дель-Соль) жанубидаги чўмилиш ҳавзалари шунингдек, Италиянинг икки соҳилидаги курортлар хавф остида қолмоқда.

Террорчилар бу борада аллақачон режа ишлаб чиқишгани айтилган. Унга кўра, жиноятчилар дам олиш масканларига қочқинлар, егулик, ичимлик ва сувенир сотувчилар кўринишида кириб келишлари мумкин.

Улар ўқотар қурол ва портловчи мосламалардан ҳужум уюштиришлари эҳтимоли мавжуд.

Нашрнинг ёзишича, келиб чиқиши сенегаллик бўлганлар "Боко Ҳарам" аъзоси сифатида жиноятларни содир этиши мумкин. Маълумки, «Боко Ҳарам» ўтган йилнинг апрель ойида ИШИД таркибига кирганини эълон қилиб, номини ҳам "ИШИДнинг ғарбий провинцияси" дея ўзгартирган эди.

Сенегалнинг Сали Сек Поай шаҳри полиция раҳбарининг фикрича, янги хуружларда, шу пайтга қадар экстремистик ташкилотларга содиқлигини исботламаган африкаликлар хизматидан фойдаланилади.

«Улар Италия ва ЕИнинг бошқа мамлакатларига тез-тез сафар қилиб турадиган кишилар бўлиши мумкин. Уларнинг виза ва ҳужжатлари жойида. Улар ноқонуний кишилар эмас, балки ўз бизнесига эга одамлардир. Айни шу уларни анча хавфли қилади», — деб баёнот берган полиция маҳкамаси раҳбари.

2016 йилнинг март ойида АҚШ давлат департаменти жангарилар, хусусан ИШИД аъзолари, Европада янги терактлар содир этишга ҳозирлик кўраётгани хусусида огоҳлантирган эди. Департамент маълумотларига кўра, йирик спорт мусобақалари, театрлар, бозорлар, авиахизматлар ва транспорт тизими террорчиларнинг нишонига айланиши мумкин.