Ўзбекистон | 12:26 / 02.05.2016
16570
2 дақиқада ўқилади

Тошкент трамвайи тарихга айланди

2 май куни Тошкентда сўнгги, 17-трамвай йўналишида ҳаракат тўхтади. «Бешқайрағоч» даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи бу йўналиш ёпилиши орқали Тошкент трамвайи бутунлай тарихга айланди.

«Газета.uz» нашрининг «Тошкент трамвайи» компанияси тасдиғига асосланиб хабар беришича Ўзбекистон пойтахтида трамвай ҳаракати бутунлай тўхтатилди.

2 май куни эрталаб трамвайлар қатновга чиққан, аммо вагонлардан бири рельсдан чиқиб кетгач, барча ҳайдовчилар депога қайтиш ҳақида кўрсатма олган. Вагонлардан бирининг қайси ҳудудда рельсдан чиқиб кетганига аниқлик киритилмаган.

Хабарда келтирилишича, соат 9:10да депога сўнгги вагон кирган ва Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳокимияти Тошкент шаҳридаги 6та трамвай йўналишлари фаолияти тўхтатилиши ҳақида март ойи охирида маълум қилганди.

12 апрель куни Тошкент шаҳрида №12 йўналиши («Бешқайроғоч» даҳасидан «Беруний» метросигача) ва №26 йўналиши («Қўйлиқ-6» дан «Тошкент» вокзалигача) бўйича ҳаракатланадиган трамвайлар ҳаракати тўхтатилди.

22 апрелдан эса Тошкент шаҳридаги 9- ва 13-трамвай йўналишларининг иши бутунлай тўхтатилди.

24 апрель, якшанба кунидан эътиборан Тошкентда 8-рақамли травмай йўналишида («Бешқайрағоч» даҳаси — Оқтепа майдони) қатнов тўхтади.

Шу ойдан бошлаб трамвайлар ҳаракатланган йўналишларда мос равишда Т8, Т9, Т13 каби автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу йўналишларда Isuzu автобусларидан фойдаланилмоқда. Сентябрь ойи охиригача шаҳар ҳокимияти 80та шундай автобуслар сотиб олиб, ҳар бир йўналишга 10тадан 18тагача автоулов қўйишни режалаштирган.

«Хайр, трамвай. Балки вақти келиб қайтарсан, лекин барибир - хайр»

Мавзуга оид