19:04 / 05.05.2016
5390

Apple инвестиция фонди раҳбари Тим Кукнинг истеъфосини талаб қилмоқда

Seabreeze Partners Management хеж фонди раҳбари Даг Касс Apple бош директори Тим Кукнинг истеъфосини талаб қилмоқда, деб хабар қилмоқда PhoneArena.

Касснинг таъкидлашича, компанияни Тим Кук бошқарар экан, у ҳеч қачон iPhone 6 муваффақиятини такрорламайди. Унинг айтишича, компания раҳбарияти Стив Жобсга ўхшаган орзуларга муккасидан кетган кишига муҳтож.  Кассдан ташқари, таҳлилчи Боб Лефсельтц ҳам Тим Кукка қарши фикр билдирди. Унинг ишонч билдиришича, Apple’га  «келажакни кўра оладиган ва компанияни ўз иродасига бўйсиндира оладиган» раҳбар керак.

«Тим Кук ўзи уддасидан чиқа оладиган, яъни эҳтиёт қисмларини етказиб бериш ва меҳнат унумдорлигини назорат қилиш вазифасига қайтгани маъқул. Бизнесни бошқариш тарихида бугун етакчи бўлган компания эртага энг қуйида бўлиб қолган ҳодисалар кўп учрайди», — деган Лефсельтц.

Apple компанияси сўнгги 13 йил ичида илк маротаба чорак натижалари пасайгани хусусида эълон қилган эди. Ҳисоботга кўра, иккинчи молиявий чоракда компания даромади 13 фоизга камайиб, 50,6 млрд. долларга тушиб кетган. Бундай салбий натижа Apple’нинг асосий маҳсулоти iPhone савдоларининг пасайиб кетиши билан боғлиқ. Шу боис унинг соф даромади 22 фоизга камайиб, 10,5 млрд. долларни ташкил этган.

Top