Спорт | 22:54 / 05.05.2016
5768
3 дақиқада ўқилади

Клаудио Раньери: «Маҳрез – бизнинг осмон, Варди эса унда парвоз қилувчи самолётимиз»

«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери АПЛнинг 37-турида «Эвертон»га қарши кечадиган учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжумани вақтида чемпионликдан кейинги ҳиссиётлари ҳақида сўзлаб берди.

«Мен бундай бўлишини тасаввур қилмагандим. Лекин биз чин дилдан ишладик. Ҳамма ҳам шундай қилганига шубҳам йўқ, лекин ғолиб битта бўлади. Бу сафар бу бизга насиб этди.

Бу менинг қисматим. Мен бу муваффақиятга эришиш учун жуда кўп меҳнат қилдим. Бу ўзига хос ҳодиса бўлди. Бунинг учун футболчиларга, президентимизга, ходимларга ва мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Президентимиз жамоада хотиржамлик ва ижобий муҳит юзага келишини таъминлади. Биз уни ҳеч қачон асабий ҳолда кўрмадик. Мен учун бу жуда муҳим эди.

Менинг эртагим қуйи лигадаги «Кальяри»да бошланганди. Мана энди мен АПЛни ютдим –  яна қандай жамоа билан денг, «Лестер» билан. Мен энди бундан кейин биронта букмекерга ишонмайман. Бу мавсумда улар жуда қаттиқ янглишдилар.

Менга катта номлар керак эмас ва мен ундайларни жамоанинг кийим алмаштириш хонасида кўришни истамайман. Менинг ўз йигитларим бор – улар алоҳида. Бизнинг сафимизга келадиган футболчи бизга мослаша олиши керак бўлади.

Мен «Тоттенҳэм» ва «Челси» баҳсини томоша қилдим. Танаффус вақтида менда тушлик вақти эди. Мен хотиржам эдим, иккинчи гол урилгач эса кўкка сапчий бошладим.

Мэттью Жеймс (жамоанинг ижарадан қайтган футболчиси - таҳр) тайёр. Балки, уни эртанги ўйинга ўзим билан олиб кетарман.

Агар Маҳрез – бизнинг чароғон осмонимиз бўлса, Варди – ундаги парвоз қилувчи самолётимиз, у бизнинг қироллигимизнинг ҳарбий-ҳаво кучлари.

Қачонки барчаси жойида бўлса менга матбуот анжуманлари ёқади. Мен журналистларни ҳурмат қиламан, уларнинг иши енгил эмас.

Мухлислар ҳақида ҳам гапирсам. Улар ухлашга ётишади ва туш кўришади. Мен дили-динь, дили-дон дея афсун сўзларимни айтаман ва улар уйғониб, тушлари ҳақиқатга айланганига гувоҳ бўлишади.

Мен мутафаккирман, шунчаки ёмон ҳунарманд эмас [инглизча сўз ўйини: Thinkerman, not Tinkerman]», – дейди Раньери.

Мавзуга оид