Омадсиз кечган мавсум: Элдор «Специя»дан нега кетди?
Элдор Шомуродов «Рома» сафига ўтган 2021/22 йилги мавсумда жами 31 ўйинда 5та гол ва 4та ассист қайд этгач, клуб бош мураббийи Жозе Моуриньо ва раҳбарият 2022/23 йилги мавсум олдидан ўзбекистонлик форвардни бошқа клубга сотиб олиш шарти билан ижарага беришга қарор қилганди. Унинг ўрнини эса «Торино»дан эркин агент сифатида таклиф этилган Андреа Белотти эгаллади. Бу эса Шомуродовга таркибда ўрин қолмаганини англатарди. Аммо Рим клуби Элдорни трансфер шарти билан ижарага оладиган даъвогар жамоа топа олмагач, у қишки трансфер ойнасигача римликлар захирасида қолиб, А Серияда бор йўғи 6 ўйинда майдонга тушди.
Январь ойида эса Шомуродовни «Специя»га ярим йиллик ижарага беришга қарор қилинди. Келишувга кўра, лигада жон сақлаш учун курашаётган жамоа римликлар ҳисоб рақамига 1 миллион евро ўтказди. Аммо бу ўтиш Элдор учун муваффақият келтирмади. 28 ёшли ҳужумчи «Специя»нинг голеадори Мбала Нзола билан курашда ютқазди ва асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Шомуродов специяликлар сафидаги ярим мавсумда 16 ўйинда бор йўғи битта голга муаллифлик қилди ва якунда жамоани В Серияга тушиб кетишдан қутқара олмади. «Специя» қуйи лигага тушиб кетгач эса, Шомуродовнинг таркибда қолмаслиги ва ёзда Римга қайтиши ойдинлашганди.

Моуриньо режаларидан четда
Ўзбекистон миллий жамоаси форварди шартномага мувофиқ, Римга қайтган бўлса-да, Моуриньонинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олиши даргумон эди. Ҳар ҳолда аутсайдер клуб билан қуйи лигага тушиб кетган футболчини Жозе қучоқ очиб, кутиб олишини тасаввур қилиш қийин эди. Шундай ҳам бўлди.
Июль ойи бошида Жозе Моуриньо «инстаграм»даги саҳифасида янги мавсум олдидан сурат жойлаб, у ишонч билдирган таркибдаги номларни кўрсатди. 22 футболчининг исми келтирилган рўйхатда Шомуродов йўқ эди. Бу эса ҳамюртимизнинг португалиялик мутахассис режаларидан ўрин олмаганини англатарди.

Нега айнан «Кальяри»?
Июль ойида «Рома» Шомуродовни сотиб олиш шарти билан ижарага бериш бўйича навбатдаги таклифларни кўриб чиқа бошлади. Ўзбекистон миллий жамоаси тўпурарига дастлабки икки харидор Туркия ва Россиядан бўлди – «Галатасарой» ва «Спартак». Футболчи таклифларни рад этиб, А Серияда қолишни истаётганини маълум қилгач, унга «Лечче» ва Испаниянинг «Жирона» клуби қизиқа бошлади. Кўп ўтмай эса курашга «Кальяри» ҳам қўшилгани маълум бўлди.


















