09:57 / 05.05.2016
4434

Сербия Косовонинг УЕФАга қабул қилинганига норозилик билдиришда давом этмоқда

Сербия бош вазири Александр Вучичи УЕФА Косовони ўз сафига қабул қилиб ўз низомига зид иш қилган деб ҳисобламоқда ва унинг айтишича, мамлакат бу борада расмий шикоят билан чиқади.

"Улар УЕФА низомини бузишди, чунки бу ташкилотга фақат БМТ тан олган суверен мамлакатлар аъзо бўлиши мумкинлиги аниқ ёзиб қўйилган. Сербия ҳақиқат қарор топиши учун барча чораларни қўллайди. Кўрамиз, халқаро арбитраж суди қандай қарор қабул қиларкан", - дейди Вучич.

"Агар уларга тўп ортидан қувиб юриш ёқса ва бу уларга катта хурсандчилик келтирса майли хурсандчилик қилишсин. Лекин биз уларнинг УЕФАга аъзо бўлишига қарши курашамиз. Чунки бу спорт қоидалари асосида ҳал қилинмади. Чунки улар бу масала бўйича маслаҳатлашишмади ва барчасини сиёсий йўл билан ҳал қилишди", дея вазирнинг сўзларини келтиради mondo нашри.

3 май куни УЕФА конгрессида Косово футбол федерацияси ташкилот аъзолигига қабул қилган эди.

Косово учун ташкилотнинг 28 аъзоси овоз берган, 24 аъзоси қарши овоз берган.

Косовонинг ФИФАдаги иштироки масаласи ташкилотнинг 12–13 май кунлари Мехикода бўлиб ўтадиган конгрессида кўриб чиқилади.

Косово терма жамоаси ёзда Германия пойтахтида Фарер ороллари терма жамоасига қарши илк расмий ўртоқлик учрашувини ўтказишига келишиб олинган.

Қисман тан олинган Косово республикаси БМТ аъзоси ҳисобланмайди. Мамалакт мустақиллигини 64 давлат тан олган.

Энди Косово федерацияси ФИФА таркибига қўшилиб, 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида иштирок этиши мумкин.

Бундан олдинроқ, Сербия футбол иттифоқи УЕФАнинг Косово футбол федерациясини ўз таркибига қўшиш қарори устидан Спорт ҳакамлик судига (CAS) арз қилиши хабар қилинганди. 

Top