Жаҳон | 11:47 / 09.05.2016
3680
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги қурилиш майдонида рўй берган ер кўчкиси қурбонлари сони ортди

8 май куни Хитойнинг Тайнин уездидаги (Шарқий Хитой, Фуцзянь вилояти)  қурилиш майдончасида юз берган ер кўчкиси туфайли қурбон бўлганлар сони 19 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда China News Service хабар берган.

Дастлабки хабарларда бу ҳодиса туфайли 8 кишининг ўлими қайд этилгани ҳақида хабар берилганди. Яна 25 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Ер кўчкиси 8 май куни эрталабки пайт кучли ёмғирлар оқибатида содир бўлди. 100 минг куб метр лой ва тоғ жинси маҳаллий гидроэлектростанциясининг қурилиш майдончасига қоя бўйлаб пастга ўпирилиб тушган ҳамда ишчилар тунаётган турар-жой ва маъмурий бинони босиб қолган.

Ҳудудда қутқарувчилар ва полиция вакиллари иш олиб боришмоқда.

Мамлакат раҳбари Си Цзиньпин жабрланганларга ёрдам бериш бўйича кўрсатма берган. У шунингдек, шунга ўхшаш ҳодисаларнинг иложи бор қадар такрорланмаслигини таъминлаш учун тегишли текширувлар ўтказиш бўйича масъул амалдорларга вазифа юклаган.

Мавзуга оид