Жаҳон | 15:29 / 26.05.2016
6796
1 дақиқада ўқилади

G7 етакчилари РФга нисбатан жорий қилинган санкцияларни муҳокама этишди

NHK телеканалининг хабарига кўра, G7 (Катта еттилик) давлат ва ҳукумат раҳбарлари Япониянинг Исэ Симе шаҳридаги саммитнинг биринчи кунида, кун тартибидаги иқтисодий мавзуларни муҳокама қилишган. 

Анжуманнинг асосий мавзулари орасида, жаҳон иқтисодиётидаги муаммолар, сармоявий сиёсат, савдо, қочқинлар инқирози, иқлим ўзгаришлари, энергетика, терроризмга қарши кураш ва халқаро сиёсатга оид масалалар ўрин олган. Жаҳон етакчилари, ташқи сиёсатга оид жиддий муаммолар, жумладан, Яқин Шарқ, Украина ва КХДРдаги вазиятни ҳам эътибордан четда қолдиришмайди. 

Бундан ташқари, "еттилик" гуруҳи раҳбарлари Россияга нисбатан санкцияларни Минск келишуви ижросига боғлашни ҳам кўриб чиқиш ниятидалар. Россияга нисбатан жазо чоралари 2016 йил июль ойи охирида поёнига етади. 

Умуман, икки кунлик саммит доирасида, бешта амалий сессия бўлиб ўтади, анжуман 27 май, жума куни Қўшма декларация қабул қилиш билан поёнига етади.