Ўзбекистонда намунавий қурилиш учун заводлар тармоғи яратилмоқда
Ўзбекистонда қишлоқ жойларда намунавий уйларни қуриш учун замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи заводлар махсус тармоғи яратилмоқда, деб маълум қилинди Sputnik нашрига "Қишлоқ қурилиш банк"да.
Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 300 млн та ғиштни ташкил қилувчи 12 та ғишт заводи, 1,7 млн квадрат метр металл черепица ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда 400 квадрат метр ёғочни қайта ишловчи завод яратилган.
"Бу ишлаб чиқариш объктларининг асосий вазифаси – турар жой бинолари қурилишини сифатли ва асосийси керакли қурилиш материаллари билан узлуксиз таъминлашдир. Намунавий қурилиш маълум ўлчамлар ва ишлатилаётган қурилиш материалларининг ўзига хослигини назарда тутади, шунинг учун бозорда ҳар доим ҳам керакли маҳсулотни топиб бўлмайди. Бундан ташқари, ўз ишлаб чиқариш базасини яратиш материаллар нархи ва демак, истеъмолчи учун охирги маҳсулотнинг нархини ҳам анча камайтиришга имкон беради", деб таъкидлаб ўтди манба.
Бугунги кунга келиб заводлар 78 млн та ғишт, 10,5 млн квадрат метр металл черепица, 5 мингдан кўпроқ эшик ва ойна ромларини ишлаб чиқарди. Келажакда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бир қатор шундай ишлаб чиқариш корхоналари очиш режалаштирилмоқда.
Суҳбатдошнинг айтишича, намунавий уйлар учун қурилиш материаллари таннархини камайтириш учун банк соҳа корхоналарини модернизациялашни қўллаб-қувватлаш ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича бошқа дастурни ҳам амалга оширмоқда. Хусусан, охирги йилларда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 540 дан кўпроқ корхона 322,5 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағлари олган.
Ҳаммаси бўлиб 2009 йилдан бошлаб "Қишлоқ қурилиш банк" 46391 та шахсий турар жой уйи қурилишини молиялаштириш учун 5,39 трлн сўм йўналтирган.