Эрдўған Мармарисни исёнчиларнинг ҳужумидан ярим соат олдин тарк этган
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Мармарис курорт шаҳридаги меҳмонхонани исённи қўллаб-қувватлаган ҳарбийлар у ерга етиб келишидан ярим соат олдин тарк этган, деб хабар бермоқда Al Jazeera телеканали.
Таъкидланишича, махсус вазифаларни бажарувчи 40 га яқин ҳарбий учта вёртолётда Эрдўған жойлашган меҳмонхонага "уни ҳибсга олиш ёки ўлдириш" мақсадида келишган. Эрдўған бундан ярим соат олдин меҳмонхонани вертолётда тарк этган.
CNN Turk телеканали маълумотларига кўра, 25 га яқин аскар меҳмонхона олдида вертолётлардан троссларда тушиб, Эрдўғанни ушлаш учун отишма бошлашган.
"Эрдўғанни ўлимдан бир неча дақиқалар ажратган", деб айтди Reuters ахборот агентлигига юқори лавозимдаги турк мансабдорларидан бири.
Унинг айтишича, мамлакат бош вазири Бинали Йилдиримга ҳам ҳужум уюштирилган, бироқ у мўъжизавий равишда ҳибсга олинишдан қутулиб қолган. Манба агентликка бунинг тафсилотларини келтирмади.
Аввалроқ Reuters ахборот агентлиги манбалари ҳарбий тўнтарувни қўллаб-қувватлаган икки ҳарбий учувчи F-16 қирувчи самолётида Эрдўған учиб кетаётган самолёт ва унга ҳамроҳлик қилаётган иккита F-16 самолётини нишонда ушлаб тургани, бироқ ҳужум қилмаганини маълум қилгандилар.