Жаҳон | 21:00 / 20.07.2016
13732
3 дақиқада ўқилади

Туркманистонда валюта сотилиши чеклаб қўйилди

Фото: rbc.ru

Газ экпортидан олинадиган даромадларнинг камайиши сабабли Туркманистон ҳукумати маҳаллий компания ва аҳолига валюта сотишни чеклаб қўйди, деб хабар бермоқда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги. 

Анонимлик шартлари билан агентлик билан суҳбатлашишга рози бўлган туркманистонлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, Туркманистон Марказий банки маҳаллий компанияларга валюта сотишни тўлиқ тўхтатиб қўйди. Эндиликда улар хорижий валютани фақатгина тижорат банкларида сотиб олишлари мумкин бўлади. Бу банкларнинг валюталарга эгалик қилиши у ёки бу даражада чекланган.   

Суҳбатдошнинг айтишича, Туркманистонда ҳозир валютани мамлакат иқтисодиёти ва унинг нуфузи учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар эркин сотиб олиши мумкин. Уларга, биринчи навбатда, TAPI газ қувури, 2017 йилда Ашхободда ўтадиган ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинлари учун инфратузилмалар қуриш билан шуғулланаётган компаниялар киради.     

Бошқаларнинг эса валютани сотиб олишга деярли имкони йўқ. 2016 йил январда юридик шахслар томонидан хорижий валютани сотиб олиш 10 минг доллар билан чекланганди. Бироқ бир тадбиркорнинг айтишича, у 10 минг доллар ўрнига фақатгина 500 доллар харид қила олган.

Аҳолига валюта сотиш ҳам чекланган. Амалдаги қоидаларга кўра, жисмоний шахслар уларнинг ойлик маошларидан ошмайдиган миқдорда доллар ва евро сотиб олишлари мумкин. Туркманистонда минимал ойлик иш ҳақи 590 туркман манати – расмий курс бўйича 168,5 долларни ташкил қилади. "Мен хорижга бормоқчи бўлганимда, барча яқинларим ва дўстларимдан валюта сотиб олишда ёрдам сўраб юришимга тўғри келади. Бироқ банким декабрда берган аризамни ҳали ҳам тўлиқ бажармади", деб айтмоқда агентлик суҳбатдоши. 

2016 йил июндан бошлаб хориждан юборилган пул ўтказмалари фақат манатларда берилади.

Долларнинг Туркманистон Марказий банки томонидан ўрнатилган расмий курси бир долларга 3,5 манатни ташкил қилади. Бироқ қора бозорда долларнинг нархи 5,5-6 манатни ташкил қилмоқда.

2015 йилда Туркманистоннинг экспортидан оладиган даромади 38,5 фоизга, "Газпром"нинг туркман газини сотиб олишдан воз кечиши оқибатида эса 2016 йилнинг 1-чорагида 41,5 фоизга тушиб кетди.