“Камолот” ЁИҲ Наманган вилояти кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўтган ҳисобот даврида давра суҳбати, учрашув-мулоқот, кўрик-танлов, семинар-тренинг, меҳнат ярмаркаси, фестиваллар каби тадбирлар ва спорт мусобақаларига 600 мингга яқин йигит-қиз жалб этилган.
“Сиз қонунни биласизми?”, “Биз, ёшлар жиноятчиликка қаршимиз”, “Шунқорлар”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Камалак юлдузлари”, “Йил талабаси”, “Камолот шахмат тахтаси” интеллектуал, тарғибот ва спорт тадбирлари кўплаб ёшларнинг истеъдоди, орзу-интилишини рўёбга чиқармоқда. Ҳисобот даврида 12 нафар ёш тадбиркорнинг лойиҳалари “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловининг мамлакат босқичида ғолиб чиқиб, тижорат банкларининг 200 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит маблағи билан молиявий қўллаб-қувватланди.
Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ва жисмоний камол топтиришга қаратилган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг мамлакат босқичида Учқўрғон педагогика коллежининг “Ўзбегим ўғлонлари”, Наманган қурилиш ва дизайн коллежининг “Лочинлар” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Вилоят ёшларидан Кумуш Хўжаева ва Гулираъно Ваққосова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари бўлди. Уч нафар “Камолот” фаоли “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан, икки нафари эса давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Норин туманида Ёшлар маркази барпо этилди. Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Уйчи туманларида 96 хонадондан иборат “Камолот” уйлари бунёд этилиб, ёш оилаларга топширилди.
Конференцияда Наманган вилояти ҳокими Ҳ.Бозоров сўзга чиқди.