Жаҳон | 10:03 / 04.08.2016
6682
2 дақиқада ўқилади

Клинтон сайловчилар ўртасидаги нуфузи бўйича Трампни 10 фоизга ортда қолдирмоқда

АҚШ президентлигига Демократлар партиясида номзод бўлган Ҳиллари Клинтон республикачи рақиби Доналд Трампни аҳоли орасидаги машҳурлик даражаси бўйича ортда қолдиришда давом этмоқда. Fox News телеканали томонидан ўтказилган сўровномага кўра, Клинтон учун сайловда иштирок этиш истагини билдирганларнинг 49 фоизи овоз беришга тайёр, 39 фоиз киши эса Трампни ёқлайди.

Ўтган ойда Клинтон учун 44 фоиз сайловчи ўз овозини беришини маълум қилгани ҳолда, Трамп тарафдорлари 38 фоизни ташкил қилаётганди.

Бундан олдинроқ, Ipsos компанияси Reuters буюртмасига кўра ўтказган сўровнома якунида бу борада Клинтон хоним 43 фоизга 35 фоиз нисбатида Трампни ортда қолдираётгани маълум бўлганди.

Ўтган ҳафтадан бери Клинтон Демократик партия съезди муваффақиятли ўтгани эвазига "бонус" қўлга киритгани айтилмоқда. Унинг рақиби Трамп эса дам олиш кунлари вақтида яна бир можаро гирдобида қолди, у ҳалок бўлган америкалик мусулмон аскар оиласи билан мунозарага киришгани учун танқидларга кўмилди.

АҚШ президентлиги учун сайлов шу йилнинг 8 ноябрида ўтказилади.