17:07 / 19.08.2016
6844

Саакашвилининг рафиқаси Грузия парламенти депутати бўлмоқчи

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг рафиқаси Сандра Руловс мамлакат парламенти депутатлигига сайланмоқчи. У 8 октябрь куни ўтказиладиган сайловда ўз номзодини қўйиши ҳақидаги қарорини бугун Корцхели қишлоғида (Зугдид тумани) "Ягона миллий ҳаракат" партиясининг собиқ раҳбарлари ҳамкорлигида маҳаллий аҳоли билан учрашуви вақтида маълум қилган.

Руловс Грузиянинг ҳозирги ҳукуматини танқид қилувчилардан бўлиб, кейинги йилларда мамлакат турғунликни бошдан кечираётганини қайд этади.

"Бундай вазиятда қўл қовуштириб, уйда ўтиришни истамайман. Кўплар сиёсатга аралашмаслигим кераклигини айтишмоқда, лекин мен учун Грузиянинг тараққиёти муҳимроқ ва мен парламент сайловларида қатнашмоқчиман", деган у.

Руловс 1968 йилда Нидерландиянинг Тернеузен шаҳрида дунёга келган бўлиб, Брюссель давлат иқтисодиёт университетининг таржимонлик факультетини тамомлаган. У ғарб тилларидан ташқари, рус ва грузин тилларини пухта эгаллаган. 1993 йили Страсбургдаги таҳсил вақтида у бўлажак турмуш ўртоғи Михаил Саакашвили билан танишади ва улар 1994 йилда турмуш қуришади. 2008 йилда Руловс Нидерландия фуқаролигини сақлаб қолган ҳолда Грузия фуқаролигини қабул қилган. Руловс ва Михаил Саакашвилининг оиласида 2 фарзанд дунёга келган: 21 ёшли Эдвард ва 11 ёшли Николоз. Кейинги йилларда у кичик ўғли билан Тбилисида истиқомат қилмоқда, катта ўғил эса АҚШда таҳсил олмоқда.

Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия президенти бўлган, кейин АҚШга кўчиб ўтган. Ўтган йилнинг май ойида у Украина фуқаролигини қабул қилиб, Одесса вилояти губернатори этиб тайинланганди. 2014 йилда Грузияда Саакашвилига бир қатор жиноятлар учун сиртдан айблов қўйилган, 2015 йилда у Грузия фуқаролигидан маҳрум этилган.

Top