10:25 / 19.08.2016
5195

ЮНИСЕФ: Жанубий Суданда 16 минг бола қуролли ихтилофда иштирок этмоқда

Фото: Reuters

Жанубий Суданда болаларни аскарликка ёллаш давом этмоқда. Жорий йилнинг бошиданоқ қуролланган гуруҳлар сафига 650 дан кўпроқ бола қўшилган, 2013 йил охиридан эса 16 минг вояга етмаган бола қўлига қурол олган, деб айтилмоқда ЮНИСЕФ баёнотида. 

ЮНИСЕФда мамлакатдаги тўқнашувларнинг авж олиши ўн минглаб болаларга таҳдид солаётганидан хавотирланишмоқда. 

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, мамлакатда биринчи йирик миқёсдаги тўқнашувлар бошланган 2013 йил декабридан 16 мингга яқин бола қўлига қурол олган. 2015 йилда мамлакатда энг йирик демобилизация амалга оширилган ва унинг давомида 1,775 бола қуролли кучлар сафидан қўйиб юборилган. "Жанубий Суданда тўқнашувлар ва қуролли кучлар сафига сафарбарликнинг қайта бошланиши бу жараёнга путур етказиши мумкин", дейилмоқда ЮНИСЕФ баёнотида. 

Июль бошида, Жанубий Судан мустақиллигининг 5 йиллиги арафасида мамлакат пойтахти Жубада ҳукумат қўшинлари ва мухолифат кучлари ўртасида яна жанглар бошланди. 

ЮНИСЕФда таъкидланишича, ҳозирда дунёнинг энг ёш мамлакати ҳисобланувчи Жанубий Судандаги ихтилоф ортида қизлар ва аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳам авж олмоқда. "Жанубий Суданда уруш олиб бориш воситаси сифатида фойдаланилаётган мунтазам зўравонликлар, жинсий эксплуатация ва одам ўғрилашлар тугатилиши керак", деб айтди ташкилот директори ўринбосари Жастин Форсайт.

2013 йилдан мамлакатда 900 мингга яқин бола ички кўчган қочоқларга айланган, 250 минг бола зарурий озиқ-овқат олмайди ва мамлакатдаги болаларнинг ярмидан кўпи мактабларга бормайди, бу эса аҳоли сонига нисбатан дунёдаги энг катта кўрсаткич ҳисобланмоқда.

Top