Жаҳон | 18:21
800
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ Эрон расмийларидан болаларни ҳарбий хизматга ёллашни тўхтатишни талаб қилди

Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, 15 ёшгача бўлган болаларни қуролли тузилмаларга чақириш ҳарбий жиноят сифатида баҳоланади.

Фото: Getty images

БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) Эрон расмийларидан вояга етмаганларни ҳарбий операцияларга жалб қилишни тўхтатишни талаб этди. Ташкилот болалар жалб этилаётган сафарбарлик кампаниялари, жумладан, уларнинг назорат-ўтказиш пунктларида хизмат ўташи ҳолатлари ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилди:

«Биз Эронни болаларни ҳар қандай ёллашни тўхтатишга чақирамиз. Қуролли кучлар ёки гуруҳлар томонидан болаларни ёллаш ва улардан фойдаланиш бола ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади».

Мурожаат Amnesty International ҳисоботидан кейин эълон қилинди, унда ташкилот Эрон расмийларининг ҳаракатларини «ҳарбий жиноят» сифатида баҳолади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) блокпостларда хизмат қилиш, патруллик қилиш ва қуролли кучларни логистика билан таъминлаш учун 12 ёшдан бошлаб кўнгиллиларни ёллаш кампаниясини бошлаган. Amnesty Калашников автоматлари билан қуролланган болаларнинг 16 та фотосурати ва видеоёзувларини таҳлил қилди, шунингдек, Теҳрон, Караж ва Раштдан тўрт нафар гувоҳнинг кўрсатмаларини келтирди.

Ташкилот 29 март куни Теҳрондаги блокпостда Исроил дрони зарбаси оқибатида 11 ёшли Алиризо Жафарий ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди - ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, у шахсий таркиб етишмаслиги сабабли ҳарбий хизматчи отаси билан бирга бўлган. Amnesty International маълумотларига кўра, уруш пайтида АҚШ-Исроил зарбалари чоғида камида 216 бола ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, вояга етмаганларни қуролли кучларга ёллаш Эрон расмийларининг узоқ йиллик амалиётидир. Amnesty International ҳисоботида ёзилишича, Теҳроннинг ўзи тан олганидек, 1980-йиллардаги Эрон-Ироқ уруши йилларида 550 мингдан ортиқ бола армияга юборилган, уларнинг ўн минглаб нафари ҳалок бўлган. Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, 15 ёшгача бўлган болаларни қуролли тузилмаларга чақириш ҳарбий жиноят сифатида баҳоланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид