Жаҳон | 15:44 / 05.07.2025
3116
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ: Украинада тобора кўпроқ болалар уруш қурбонига айланмоқда

БМТ маълумотларига кўра, 2025 йил баҳорида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда 222 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлган. Аввалги уч ойда мамлакатда уруш қурбонлари бўлган вояга етмаганлар уч баравар кам бўлган.

Фото: Henning Kaiser/dpa/picture alliance

Украинада 2025 йилнинг март-май ойларидаги жанговар ҳаракатлар натижасида камида 222 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлган ёки яраланган. Ундан аввалги уч ойда мамлакатда 73 нафар вояга етмаган уруш қурбони сифатида қайд этилган, яъни уч баравар кам.

ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра, биргина апрел ойида Украинада 97 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлган. Бу БМТ томонидан тасдиқланган 2022 йил июнидан бери бир ой ичида энг кўп болалар орасидаги қурбонлар сони.

ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Режина Де Доминиcис шундай деди: «Уруш Украинадаги украиналик болаларга ҳеч қандай муҳлат бермаяпти. Интенсив ҳужумлар нафақат одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш, балки болаликнинг барча жабҳаларини йўқ қилишда давом этмоқда». Де Доминиcиснинг таъкидлашича, шифохоналар, мактаблар, сув ва электр тармоқлари, шунингдек, болалар майдончаларига қилинган ҳужумлар бу борада айниқса ҳалокатли.

ЮНИСЕФ, шунингдек, болалар ва ўсмирларнинг ҳарбий объектларга ҳужум, диверсия ёки маълумот тўплаш каби уруш билан боғлиқ вазифаларни бажариш учун онлайн тарзда ёлланиши ҳолатларидан айниқса хавотирда. Бундай ҳаракатлар натижасида камида икки ўғил бола ҳалок бўлди, яна бири яраланди, дея хабар берди БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинги миссияси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид