Спорт | 17:54 / 22.08.2016
29643
2 дақиқада ўқилади

Фотогалерея: Риодаги энг ҳаяжонли жанг ва энг ҳаяжонли чемпион

Фото: «Жахон» АА

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида Фазлиддин Ғоибназаров олтин медални қўлга киритди. 64 килограмгача бўлган вазн тоифасида куч синашган спортчи 2:1 ҳисоби билан озарбайжонлик Коллазо Сотомайор устидан ғалаба қозонди.

Қуйида унинг жанги, ҳаяжонли дақиқалар тасвирларини яна бир бор эслаб ўтамиз.

Бу жанг турнир сенсациясига айланди. Ўзбекистон делегацияси олимпиаданинг охирги куни баҳслари арафасида 9та медаль (2та олтин, 2та кумуш ва 5та бронза) ва делегация 32-ўринда жойлашганди. Охирги кундаги имкониятлардан эса максимал равишда фойдаланилди ва медаллар сони 13тага етказилди (4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза).

Фазлиддин Ғоибназаров ўз жангида ғалаба қозонган ҳолда Ўзбекистон боксчиларини биринчи ўринга, Ўзбекистон делегациясини эса медаллар ҳисоби бўйича умумий рейтингда 21-ўринга олиб чиқиши мумкин эди. Борини майдонга ташлаган ва охирги сонияларга қадар тиним билмай кураш олиб борган Фазлиддин Ғоибназаров бу вазифани тўла-тўкис бажарди.

Жангнинг биринчи раундида ҳакамлар устунликни Озарбайжон вакилига беришди. Иккинчи раунд Ғоибназаровнинг тўла устунлигида ўтди ва умумий ҳисоб тенглашди. Учинчи раунд тугаганида эса спортчилар ҳам, мухлислар ҳам натижалар эълон қилинишини интиқиб кутишди ва Ғоибназаров ғолиб деб эълон қилингач, байрам бошланди.

Мавзуга оид