Ўзбекистон | 18:16 / 03.09.2016
114355
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Самарқандда дафн этилди

Самарқанд шаҳри марказидаги қадимий Регистон майдонида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан видолашиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда иштирок этиш учун Ислом Каримовнинг туғилиб-ўсган шаҳрига Ўзбекистоннинг давлат, жамоатчилик ва диний арбоблари, шунингдек, бир қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли вакиллари ташриф буюрди.

Тиллакори масжидида марҳумга жаноза намози ўқилди. Жаноза Ўзбекистоннинг бош муфтийси Усмонхон Алимов томонидан ўқилди. Мамлакат телеканалларида маросимдан лавҳалар эфирга узатилди.

Маросимда Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Қозоғистон бош вазири Карим Масимов, Қирғизистон бош вазири Сўронбой Жеенбеков, Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф, БАА давлат вазири Рашид бин Аҳмад бин Фаҳад, МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев ва бошқалар иштирок этди.

Жаноза намози ўқилганидан сўнг Самарқанднинг минглаб аҳолиси ва меҳмонлари иштирокидаги маросим Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мусулмончилик расм-русумларига биноан дафн этилган Шоҳи Зинда мажмуасида давом эттирилди.

Шундан сўнг, марҳумнинг танаси 21 метрлик кафанга ўраб сағанага қўйилди. Сағанани президентнинг яқин кишилари қўлда кўтариб Регистон майдонидан Шоҳи Зинда қабристонигача олиб боришди.

Ислом Каримов, унинг ота онаси ва акалари кўмилган Ҳазрати Ҳизр қабристонига дафн этилди.

Бунгача 3 сентябрь тонгида Тошкент шаҳри аҳолиси Ўзбекистон республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатиш учун кўчаларга чиқиб, у билан видолашганди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти тобути ўрин олган кортеж сўнгги бор Тошкент кўчалари бўйлаб ўтиб аэропортга етказилди, у ердан эса самолёт тобутни олиб Самарқандга учди.

Мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилинган.

Мавзуга оид