Ўзбекистон | 15:53 / 06.09.2016
8380
2 дақиқада ўқилади

Инҳа университети ва “Асака” АТБ ўртасида меморандум имзоланди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Асака” акциядорлик тижорат банки (АТБ)  бугун ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди. Бу ҳақида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг расмий сайтида маълум қилинди. 

Имзолаш маросими икки ташкилотнинг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида бўлиб ўтди. Меморандумни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов ва “Асака” акциядорлик тижорат банки Бошқарув раиси  Азим Аҳамдхўжаев имзолашди.

Меморандум доирасида томонлар бир қанча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Шундай йўналишлардан бири Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг иқтидорли талабалари учун грантлар дастури бўлади. “Асака” акциядорлик тижорат банки Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг иқтидорли талабалари учун бакалавриат ва магистратурадаги ўқишлари давомида грантлар тақдим этади.  

Томонлар шунингдек, банк соҳасида инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, мобил банкинг ва интернетни ривожлантириш, банк фаолиятида бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва  бошқарув ечими сифатларини ошириш мақсадида бизнес жараёнлар реинжиниринги (BPR) бўйича услубиётларни жорий этиш ва BI-тизимларни (Business intelligence) татбиқ этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилишади.

Икки ташкилот банк соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини комплекс татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича банк ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. 
 

Мавзуга оид